Ўзбекистон янгиликлари

Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг ҳаётлари

Аллоҳ назари тушган бу жонажон юртимиз Ўзбекистон тупроғида неча-неча буюк шахслар, олиму-алломалар, муҳаддису-муфассирлар бор, неча-неча табаррук зиёратгоҳлар мавжуд. Лекин диёримизда шараф жиҳатдан энг улуғ зот Қусам ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) ҳисобланадилар, энг табаррук зиёратгоҳ эса шубҳасиз Қусам ибн Аббос қўним топган жой жойлари Шоҳизинда зиёратгоҳи ҳисобланади.
Ҳатрати Қусам ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) Пайғамбаримиз билан насабдош ҳисобланадилар. Бу зотнинг кунялари, исмлари ва насаблари ҳақида Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ан-Насафий ўзларининг “Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд” (“Самарқанд уламолари ҳақида қанддек ширин китоб”) асарида бундай келтирадилар:

Абу Жаъфар – Қусам ибн ал-Аббос ибн ал-Муттолиб ибн Ҳишом ибн Абдуманноф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фиҳр ибн Молик ибн ан-Назр ибн Кинона ибн Ҳузайма ибн Мудрика ибн Илёс ибн Музар ибн Низор ибн Маъадд ибн Аднон – ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари (ибн ал-Аббос)нинг ўғлидир.
Қусам ибн Аббос Пайғамбаримизга ҳам ота, ҳам она томондан қариндош ҳисобланадилар. Чунки Ҳазрати Қусамнинг оталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос бўлсалар, оналари – Пайғамбаримизнинг қайинсингиллари, Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг сингиллари Лубоба бинти Ҳорис бўладилар.

Шунингдек, Қусам ибн Аббоснинг оналари Лубоба бинти Ҳорис Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг набиралари ҳазрати Ҳусайнни эмизхганлари боис Қусам у зотнинг эмикдош акаси ҳисобланадилар.
Бу мубрак зотнинг Қусам деб номланишларига сабаб, бу зот Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг барча хислатларини ўзларида жамлаган эдилар. Оталари Аббосдан ўғлингизни нима учун Қусам деб номладингиз деб сўраганларида, у киши “Қусам кўп ҳадия қулгувчи деган маънони билдиради” деган эканлар.
Ибн Диҳя айтади: “Қусам”нинг икки маъноси бор. Биринчиси – бериш, яъни аямасдан эҳсон қиладиган инсон деган маънода бўлса, иккинчиси, “Қасм” сўзидан олинган бўлиб тўплаш яъни ўзида яхшиликларни жамлаган киши маъноларни билдиради.
Ҳазрати Аббоснинг (розияллоҳу анҳу) ўн учта фарзандлари бўлган. Булар Ал-Фазл, Абдуллоҳ, Убайдуллоҳ, Қусам, Маъбад, Маъруф, Абдурраҳмон, Умму Ҳабиба бинти Аббос, Ҳорис, Касийр, Таммом, Омина ва София бўлиб, Ҳазрати Қусам ушбу фарзандларнинг тўртинчиси бўлганлар.
Ибн Ҳиббон “Ас-Сиқот” китобида айтадилар: “Қусам ибн Аббос ибн Абдул-Муттолиб ибн Ҳошом ал-Қурайший ал-Ҳошимий – Фазл, Абдуллоҳ, Убайдуллоҳ ва Касийрнинг укаси эдилар”
Қусам ибн Аббоснинг туғилган йиллари ҳақида тарихчи олимларнинг турли фикрлари мавжуд. Баъзилар у киши Пайғамбаримиз Вафот этганларида саккиз ёш бўлганлар дейишади. Анашундай шахслардан бири Абу Тоҳирхўжа Самарқандий “Самария” асарида “Бир ривоятга кўра, ҳазрати Қусам ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари вақтида саккиз ёш эдилар”, дейди. Бунга кўра ҳижрий 3 йилада (Милодий 624) туғилган бўладилар. (Ибн Форис фикрича, бу вақтда шн бир ёшда эдилар.) Табарийнинг “Тарихур-русал вал мулк” китобида ҳазрати Қусам пайғамбаримизнинг набиралари Ҳусайнн туғилган йилда туғилганлар дейилади. Ҳазрати Ҳусайнн ҳижрий 4-йил шаъбон ойининг 5-куни, милодий 626 йилнинг 11 январида таваллуд топганлар. Шаъбон ҳижрий йилнинг 8-ойидир. Агар ҳазрати Қусам эмишган укалари ҳазрати Ҳусайнндан 8 ой олдин туғилган бўлсалар, ҳижий 3 йилда (624) туғилган бўладилар, агар укишидан 7 ой катта бўлсалар, у ҳолда ҳаижрий 4 йилада (624) туғилган бўладилар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам фақатгина ўз фарзандларига ва невараларини севиб қолмасдан бошқа болаларни ҳам севиб, меҳр бериб муҳаббатларини очиқ кўрсатар эдилар. Расулуллоҳ Қусам ибн Аббосни ҳам жуда яхши кўрара эдилар. Қусамни қучоқларига олиб эркалатиб ўтирара эдилар. Бир куни оналари Лубоба Ҳазрати Қусамни кўтариб Расулуллоҳни кўргани боргаларида Расулуллоҳ ёш Қусамни қўчоқларига олдилар. Шунда Ҳазрати Қусам Расулуллоҳни кийимларини ҳўл қилиб қўйди.

Шунда Лубоба болани Расулуллоҳдан тезлик билан олганида Сарвари коинот “Секинроқ ол, Аллоҳ раҳм қилгур, болажонимни уринтириб қўйдинг-ку!” деганаканлар.
Ҳазрати Қусам 5-6 ёш пайтларида акалари Убайдулло ва Абдуллоҳ ибн Жаъфар билан ўйнаб юрганларида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам улов минган ҳолда келиб қолдилар. Шунда Расулуллоҳ Абдуллоҳ ибн Жаъфар кўрсатиб “Бу болани менга кўтариб олиб беринглар!” – дедилар. Уни олиб олдиларига ўтқаздилар, кейин Қусамни кўрсатиб: “Буни ҳам менга кўтариб олиб беринглар!” – дедилар. Қусамни олиб орқаларига ўтқазиб қўйдилар. Қолаверса у ерда Қусамни акалари Убайдуллоҳ ҳам бор эдилар. Лекин Расулуллоҳ ҳазрати Қусамни ихтиёр этдилар. Бу ишларидан кўриниб турибдики, Расулуллоҳ Қусамни яхши кўрганлар. Яхши кўришларига сабаб, ҳазрати Қусам Пайғамбаримизга кўриниш жиҳатдан ҳам, ахлоқий жиҳатдан ҳам жуда ўхшаганлар.
Ҳазрат Аббос (розияллоҳу анҳу) гўдак ўғилчаларини эркалаганда “Зул-карам”, яъни соҳиби карам бўлган, улуғ ҳиммат соҳиби бўлган зотга – жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва Салламга ўхшаш эканларини зикр қилганлар.
Ғиёссидин Жавҳарийнинг айтиши бўйича ҳазрат Қусам ибн Аббос Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарни вафот этгандан сўнг ювганлардан биридир. Ўша чоғда Қусам 8 ёшда бўлган. Пайғамбаримизни ҳадисларида айнан у киши тўғрисидаги қуйдаги сўзлари Қусам ибн Аббосни кириш эшикларини пештоқида ёзилган. “Қусам ибн Аббос ўз хулқлари ва ташқи кўринишлари билан менга ўхшайдиган шахслардандир” дейилган.
Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) халифа бўлгаларида, Умар (розияллоҳу анҳу) давриларидан бер Шомда волий бўлиб турган Муовия ибн Абу Суфён Алини халифаликларини эътироф этмади. Бунга чора кўриш мақсадида ҳазрати Али Шомга боришга тайёргарлик кўра бошладилар ва Шомга йўл оладилар. Мадинага эса Қусам ибн Аббосни (розияллоҳу анҳу) ўзларининг ўрнига ўринбосар қилиб кетадилар.Али (розияллоҳу анҳу) шу юриш асносида Куфага бориб, Куфани ўзларига қароргоҳ қиладилар. Қусам ибн Аббос Мадинада қисқа вақт Волий бўлиб турадилар. Икки-уч ой ўтиб Али (розияллоҳу анҳу) Қусмга бир мактуб йўллаб уни Маккага волий қилиб тайинлайдилар. Ушбу мактубда Али (розияллоҳу анҳу) Қусамдан Маккада Ҳаж амирлиги вазифасини бижаришлари лозимлигини, одамларгани ҳажга тайёрлаш, Аллоҳ таоло муайян кунларда ҳажга буюрганини уларга эслатиш, Макка аҳли орасидаги билимсиз кишиларга таълим бериш, Макка шаҳрида муқим яшайдиганлардан зинҳор тўлов олмаслик зарурлигини уқтирадилар ва Ҳаж сурасининг 25-оятини келтирадилар: “Биз уни (Масжид ал-Ҳаромн) муқим ва (хориждан келган) мусофир – барча (мўъмин) инсонлар учун зиёратда баробар қилиб қўйгандирмиз....”. шундай қилиб Ҳазрати Қусам ҳижрий 38 (милод 658) макка ҳокими вазифаси билан бирга Ҳаж амирлигини ҳам бажариб турганлар.
Али (розияллоҳу анҳу) шаҳид бўлганларидан сўнг Муовия ибн Абу-Сўфиён замонида унинг буйруғи билан Хуросон ҳокимлигига тайинланган уриш бошлиқларидан Саъид ибн Усмон ибн Аффон кетидан Мовороуннаҳрга келди. Саъид ибн Усмон ибн Аффон яраш йўлида Самарқандни олиб халқни мусулмон қилди. Динни кучайтирмоқ ва шариат ҳукмларини юргузмоқ нияти билан Қусамни бир неча Ислом қўшини билан Самарқандда қолдирди. Унинг бош вазифаси Суғд диёрида Исломни тарғиб қилиш эди, бу эса осонликча кечмади. Қадим Мовороуннаҳр халқи Зардушийлик дини оташпараслик динига эътиқод қиларди. Шу диннинг коҳин ва афсунгарлари ўз динлари руҳиятига исломни эркин сингиб боришига йўл қуймадилар. Улар махаллий ҳалкларни арабларга қарши фаол курашга чорлади. Бироқ Ислом қаршиликларни табора енгиб бориб ўлканинг ичкари қисмини ишғол қила бошлади. Лекин милодий 677-йил ғайри динлар шаҳарга ҳужум қилдилар. Самарқанд шаҳрининг намозгоҳида Қусам жон чиқарига ўқ тегиб шаҳид бўлди ва қутлуқ гавдасини Бону-Ножия қабристонида ғор ёнига кўмдилар. Кенг тарқалган бошқа бир ривоятда Саид ибн Усмон Қусам ибн Аббос билан биргаликда Усрушонани фатҳ этмоқ учун йул олишиб, Сийракасга етишганда ул ерда бир неча кун тўхтаб дам олишади. Шу ерда жангларни бирида Қусам ибн Аббос шаҳид бўлади. Саид ибн Усмон ва лашкарлар у кишига жаноза ўқишиб майит солинган тобутни шаҳарга жўнатадилар.

Асрлар ўтиб Қусам ибн Аббоснинг қабрлари тепасига мақбара, чиллахона, атрофида масжид ва хоналар қурилиб, Қусам ибн Аббос мажмуаси ҳосил бўлди. Унинг кириш пештоқида Муҳаммад (с.а.в.)нинг қуйидаги хадислари ёзилган: араб ҳошимий сулола, қурайший қабиладан, маккалик, мадиналик бўлмиш Пайғамбар алайҳиссалом: “Инсонлардан Қусам ибн Аббос тузилиши ва хулқи жиҳатидан менга энг хўп ўхшайди” дедилар. Унга киришда 1404-1405 йилларда Эрон устаси Саид Юсуф Шерозий томонидан ишланган эшик ўрнатилган. Эшикда ҳусункор нақшлар чиройли ҳусни хатдаги ҳадислар битилган.Фил суякларида ижод қилинган ҳадис барчамиз учун буюк маъно англатувчи ёзувлардан биридир.У қуйдагича баён қилинган “Жаннат эшиклари фақирлар учун очиқдур” ҳамда “Олоҳнинг раҳмати рахимлиларга тушади” дейилган.Ниҳоят эшик ортида янада қадимийроқ XI-асрда ишланган нақшиндор минора қад рослаб турибди бу шундан далолатки биз ўтмишнинг энг улуғ санъат наъмуналарини саҳоба мажмуасига куришида гувоҳ бўламиз. Миёнхона сайёҳ ва зиёратчиларни ўзига хос услубда қурилган хоналарга бошлайди булар катта масжид, чиллахона, зиёратхона ҳамда туғхоналардан иборатдир.Уларни ҳар бирини ўзига ҳос зиёрат қилиш одоблари бор.
Гўрхонанинг асосий биноси мақбара билан бир вақтда (XI асрда) қурилган бўлиб, девор орасида ўймакор пилакчалар териб панжара ўрнатилаган.
ГўрхонадаXIV асрнинг 80-йилларида Қусам ибн Аббос қабри устига янги сағана ўрнатилиб, у Темур даври сопол кошинлари билан нақшинкор безакда ишланди.
Қабрнинг 2-3 чи поғоналарида Куръони каримнинг “Оли Имрон” сурасидан 169-171 оятлар битилган. Яъни: “Оллоҳ йўлида ўлдирилганларни асло ўликлар деб ҳисобламанг! Аслида (улар) тирик - Парвардигорлари ҳузурида (жаннат неъматларидан) ризқланиб турурлар. (мазкур қатл этилган шаҳидлар) Аллоҳ ўз фазли билан ато этган нарса (неъматлар)дан хушнуд, ортларида (тирик) қолиб, ҳали уларга қўшилмаган (ғозийлар)га (Қиёматда) хавф ва ташвиш бўлмаслиги ҳақида башорат берган ҳолда (яшайди).
Қусам ибн Аббосни вафот йил саналари ҳижрийда 57, милодийда 676 йил деб қабр устида ёзув сақлангандур.
Мажмуанинг барча хоналари сўнгги таъмир давомида асл ҳолатида моҳир устолар томонидан қайта таъмирланди кишиларни ҳайратга солувчи нақш ва безаклар давомий деворларни тўлдириб ҳалқимизнинг буюк санъат намуналарини дунё халқларига гўзал ҳолатда намоён этди. Бу олийжаноб ишда шахсан Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримов, вилоятимиз роҳбарияти, мутасади ташкилотлар ҳамда мажмуа ишчи ходимлари жонбозлик кўрсатиб ёдгорлик умрига, ёшига ва кўринишига чирой бахшида этишди.
 


 Самариддин Мирзаев - Самарқанд шаҳар “Шоҳи Зинда” жоме масжиди имом хатиби 

2611 марта ўқилди

Янгиликлар

Top