Ўзбекистон янгиликлари

2017-2021 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Махсус сиртқи бўлимида таҳсил олган талабаларнинг битирув тадбири бўлиб ўтди. Унда институт раҳбарияти, ўқитувчи-муддарислар, талабалар иштирок этишди.

Хатмона тадбирида институт ректори Уйғун домла Ғофуров бошчилигидаги профессор-ўқитувчилар 3 йиллик махсус сиртқи таълимни муваффақиятли тамомлаётган илк қалдирғоч талабалари ва уларнинг устозларини муборакбод этиб, ўқиш давомида фаоллик кўрсатиб, бошқаларга намуна бўлган, мусобақа ва танловларда юқори натижа эришган, гўзал хулқ-атворга эга битирувчи талабаларга “Мақтов ёрлиғи” топширилди.

Ўз навбатида битирувчи талабалар ҳам устозларига берган таълим-тарбия учун миннатдорлик билдириб, келгусида ушбу даргоҳдан олган илми билан Ҳақ таоло розилиги йўлида масжид, диний-таълим муассасалари ва бошқа турли идораларда холис хизмат қилишга, халқимизнинг диний-маърифий саводхонлигини оширишга сарфлашларини билдирдилар.

Маълумот учун, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2017 йил 29 сентябрдаги “Республикамизда фаолият юритаётган икки мингдан зиёд масжидларни олий диний маълумотга эга имом-хатиблар билан таъминлаш учун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 3 йиллик Махсус сиртқи бўлим ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғига асосан институтда Махсус сиртқи бўлими ташкил этилди.

Махсус сиртқи бўлим талабалари учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратилган. Уларга институтнинг юқори малакали, узоқ йиллик тажрибага эга бўлган профессор-ўқитувчилари дарс беришади. Талабалар институт махсус фан ва ўқув аудиторияларидан, ахборот ресурс марказидаги дарсликлар, манба ва адабиётлардан, компьютер хоналаридан фойдаланиш мумкин. Махсус сиртқи бўлимни тугатган талабаларга диний олий маълумот даражасидаги Тошкент ислом институти дипломи берилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
матбуот хизмати

1427 марта ўқилди

Янгиликлар

Top