Ўзбекистон янгиликлари

МТРК тизимида «Ҳидоят сари» илмий-маърифий онлайн телеканали ташкил этилди

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан ташкил этилган ОТТ платформаси (Over the Top) бугунги кунда самарали фаолият олиб бормоқда.

 МТРК архив фондида диний илмий экспертизадан ўтган, турли талқинга ўрин бермайдиган даражада ишончли маълумотларга асосланган диний-тасаввуфий, илмий-маърифий, исломшунослик ва тарих, аждодлар мероси каби туркум теледастурлар, алломалар ҳақида ҳужжатли фильмлар, уламо ва имом-хатибларимизнинг маърифий суҳбатлари, шунингдек, ҳадису ривоятлар асосида тайёрланган махсус фильмлар, теленовелла ва ижтимоий телероликларнинг сон жиҳатдан салмоқли базаси мавжуд.

 Шулардан келиб чиққан ҳолда, МТРК ОТТ платформасида ёшларнинг маданий-маърифий, диний билимларини ошириш мақсадида "Ҳидоят сари" Илмий-маърифий виртуал (онлайн) телеканали ташкил этилди.

 Туну кун ишлайдиган "Ҳидоят сари" илмий-маърифий виртуал (онлайн) телеканалида Ўзбекистон МТРК тизимида ишлаб чиқилган ва ўрнатилган тартибда тегишли илмий, диний экспертизалардан ўтказилган, эфирга узатилган ва бугунги кунда МТРК Архив Фондида сақланиётган қуйидаги телемаҳсулотлар ўрин олади:

 мамлакатимизда ислом маданияти, илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини, муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларни обод этиш, муқаддас динимиз мусаффолигини асраш, аҳоли, айниқса, ёшларни Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларимизга ҳурмат ҳамда турли миллат ва эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенглик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар кенг тарғиб этилган теледастурлар;

 халқимизнинг диний саводхонлигини ошириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари билан аҳолини яқиндан таништириб бориш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган чуқур фалсафий ва ибратга йўғрилган илмий-оммабоп ва бадиий кўрсатувлар;

бугунги глобаллашув даврида инсоният ҳаётига хавф солаётган муаммолар ҳамда оилавий, одоб-ахлоқ ва ёш авлод тарбиясининг долзарб масалалар юзасидан дин соҳаси вакиллари, мутахассис ва олимлари билан баҳс-мунозара ва мулоқотлар, давра суҳбатлари;

аҳоли, хусусан ёшларни ғаразли кучлар ва оқимларнинг таъсиридан асраш, терроризм ва экстремизм ғояларининг асл мақсадларини фош этиш, ҳар хил оқимлардан, шу жумладан, «оммавий маданият»нинг зарарли иллатларидан ҳимоя этишга йўналтирилган махсус кўрсатув ва роликлар.

 Манзил — https://www.uztv.tv/channels/hidoyat-sari

Манба

 

1102 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top