Ўзбекистон янгиликлари

Бельгия медиа компанияси Ўзбекистон туризми ҳақида кўрсатув ва фильм суратга олади

Ўзбекистон туризм салоҳиятини жаҳон ҳамжамиятига кенг намоён қилиш орқали республикага ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида кеча Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонасида «Eccholine» продюсерлик компанияси билан учрашув ташкил қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

«Eccholine» Европа ва дунёнинг бошқа мамлакатларида француз тилида фаолият юритадиган TV5Monde, M6, RTL, Net5, Tvn, Ntvnorge, 2M Maroc, Quatr, Antena3, Rai 2, TV5Quebec Canada каби ўндан ортиқ телеканал учун халқаро туризм йўналишида турли репортаж ва ҳужжатли фильмлар тайёрлашга ихтисослашган. Медиа компания 2011 йилда Бельгиянинг Антверпен шаҳрида ташкил қилинган. Бугунги кунда унинг Амстердам, Мадрид ва Бангкок шаҳарларида ўз ваколатхоналари мавжуд. Компания ижодкорлари шу кунга қадар дунёнинг элликдан ортиқ мамлакати хусусида кўрсатувлар тайёрлаган.

Учрашувда кўрсатувларни тайёрлашда хорижий томон талаблари, мавжуд имкониятлар ҳамда ўзбек томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган масалалар муҳокама қилинди.

Компания вакили Кевин Коенигер Ўзбекистон Буюк Ипак йўли бўйлаб Марказий Осиё марказида жойлашганлиги ва бу йўналишда тарихан муҳим аҳамият касб этишини инобатга олиб, Ўзбекистон туризм салоҳиятини франкофон йўналишдаги халқаро ва маҳаллий ОАВ ларда намойиш қилиш юзасидан ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Учрашувда Европа стандартлари асосида Ўзбекистон туризм салоҳиятини намоён этувчи ҳужжатли фильмлар, хусусан, мамлакатимиз тарихий шаҳарлари, халқ байрамлари, миллий урф-одатлар, меҳмондўстлик анъаналари ва шу каби бошқа мавзуларда репортажлар тайёрлаш ҳамда уларни оммабоп телеканалларда намойиш қилиш юзасидан келишувга эришилди.

Дастлабки лойиҳа доирасида Ўзбекистон ҳақида тайёрланадиган кўрсатув 4 қисмдан иборат бўлади. Суратга олиш жараёни сентябрь ойида бошланади, Наманган, Қўқон, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Нукус шаҳарлари ҳақида кўрсатувлар тайёрланади.

Эътиборлиси, ижодий маҳсулотни тайёрлашга компаниянинг 70 нафарга яқин ходимини жалб қилиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, 10-15 нафар ўзбекистонлик телемутахассис ва ҳар бир шаҳардан 30-40 нафар кўнгилли ёрдамига таянилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1119 марта ўқилди

Янгиликлар

Top