Ўзбекистон янгиликлари

Малайзия Исломни англаш институти: Ўзбекистоннинг таълим ва илм-фандаги тажрибаси ҳақида

Малайзия Исломни англаш институтининг интернетдаги веб-саҳифасида “Ўзбекистонда таълим ва илм-фан интеграциялашуви жараёнлари” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Унда бугунги тезкор глобаллашув даврида янгиланиш ва юксалиш ҳар бир соҳада интеграциялашувни, инновацион тафаккурни ва уларга асосланган жамоавий инновацион муҳитни талаб этаётгани қайд этилар экан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг“...энг муҳим вазифа – халқимиз онгида инновацион тафаккурни шакллантириш. Инновациялар бўлмаган жойда ривожланиш ва рақобат ҳам бўлмайди...”, деб айтган фикрлари малайзиялик ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.

Мақолада мамлакатимиз илм-фани интеграцияси, “илм орқали билим” тамойили қонуниятига кўра ривожланиб, тараққиёт даражаси кўтарилишига шарт-шароитлар яратилаётгани билан боғлиқ атрофлича маълумотлар аниқ-равшан мисоллар билан асосланган ҳолда қаламга олинган.

Шунингдек, бу борадаги интеграциялашувнинг хусусиятлари ва динамикаси, жумладан, давлатнинг университетлар фаолиятидаги назоратчилик функцияси тобора камайиб, мамлакатда илмий даражалар ва илмий унвонларда мустақил тасдиқлаш бўйича университетларга ваколатлар берилиши учун сиёсий даражада қарор қабул қилингани, университетларнинг илмий салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган эътиборга сазовор ишлар ҳақидаги жуда муҳим маълумотлар ҳам ўз ифодасини топган.

Мақолада Ўзбекистон илм-фанининг халқаро миқёсдаги эътирофи хусусида ҳам атрофлича фикр юритилган. Дунёни илм орқали забт этиш аҳамияти Ўзбекистондек ёш ва халқаро майдонга илдам чиқаётган мамлакат учун жуда зарурлигини қайд этар экан, манба шундай имкониятлардан бири ўзбек олимларининг Tenure track позициясига профессор ва профессор ассистенти сифатида тан олиниши бўлганини алоҳида таъкидлайди.

“Олимнинг эркинлигини таъминлаш борасида шундай ютуқни ўзбек олимаси қўлга киритди. 2020 йил февралида Колумбия университетининг Tenure track позицияси, яъни умрбод профессорлик лавозимига илк ўзбек ёш олимаси - 33 ёшлик Азиза Шоназарова қабул қилинди... Яна бошқа бир ёш олим Жамшид Жамбулов дунёнинг энг нуфузли университети - АҚШнинг Гарвард тиббиёт университетига ўқишга қабул қилинди. Жамшид мазкур университетда юрак жарроҳлиги бўйича таҳсил олди ва фаолият юритмоқда.

Шунингдек, халқаро тажрибада кўриш мумкин: Ўзбекистон Жанубий Корея, Хитой, Япония, Франция, Туркия, Индонезия, Исроил, Сингапур каби давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб ёшларни хорижий мамлакатларда таълим олиши ва ўз ватанига қайтишини қўллаб-қувватлаш, мазкур ёшларнинг илмий салоҳиятидан кенг фойдаланиш механизмини яратган. Бу халқаро тажриба бошқа ривожланаётган давлатлар тараққиёти учун муҳим тажриба бўлиб хизмат қилади”, - деб ёзади манба.

Мақолада мамлакатимиз ёшларида инновация ва технологик билимларга бўлган интилишни, иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жонлантириш, мамлакат илм-фанининг халқаро миқёсдаги рақобатбардошлилигини таъминлаш, мавжуд илмий мактаблар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида олиб борилаётган диққатга молик ишлар ҳақидаги маълумотлар ҳам ўз аксини топган.

Илмий ислом соҳасида фундаментал ва чуқур тадқиқотларни режалаштириш ва олиб бориш мақсадида 1992 йил Малайзия Исломни англаш институтига асос солинган. Малайзиянинг собиқ бош вазири Абдулла Аҳмад Бадавий мазкур институт директорлари кенгашининг раиси ҳисобланади. Институт ҳузурида Шариат, ислом ҳуқуқи ва сиёсатини ўрганиш маркази (Centre for the Study of Shari’ah, Law & Politics – SYARAK), Илм-фан ва атроф муҳити тадқиқотлари маркази (Centre for Science and Environment Studies – KIAS) ҳамда Иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар маркази (Centre for Economics & Social Studies – EMAS) фаолият кўрсатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1242 марта ўқилди

Янгиликлар

Top