Ўзбекистон янгиликлари

Онлайн: Тошкент Ислом институтида кириш имтиҳони ўтказилмоқда

Бугун, 28 июль куни Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида Араб тилидан ижодий имтиҳон бошланди. Уни институт ректори Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди.

Ижодий имтиҳон Файзуллоҳ қори Иззатиллаев қироатида Қуръон карим оятлари тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.

Кириш имтиҳони бошланишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов, Диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов, қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида имтиҳон билетлари солинган ва муҳрланган махсус қоплар очилди.

Шундан сўнг абитуриентлар карантин талаблари асосида институтнинг имтиҳон учун ажратилган биносига киритилиб, муҳрланган конвертлардан бирини танлаб, билет саволларига тайёрланиш учун парталардан жой олмоқда. Маълум вақтдан сўнг абитуриентлар имтиҳон олувчи ўқитувчилар олдида билет саволларига жавоб беришмоқда.
Имтиҳон жараёнларини Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, институт қабул ҳайъати аъзолари ва турдош ташкилот вакиллари кузатиб, назорат қилмоқда.

Маълумот учун, 2021-2022 ўқув йили учун кундузги таълим бўйича Тошкент ислом институтига 242 нафар йигит ва 39 нафар аёл-қиз абитуриент ҳужжат топширган.

Эслатиб ўтамиз, эртага, 29 июль куни Ақоид-фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синови бўлиб ўтади.

Мандат натижалари эса 30 июль куни эълон қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1676 марта ўқилди

Янгиликлар

Top