Ўзбекистон янгиликлари

Имом Бухорий мажуасида 9200 намозхонни сиғдирадиган масжид қурилади

Имом ал-Бухорий зиёратгоҳи – Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида жойлашган, ХХ аср охирига келиб маданий ва маънавий-маърифий аҳамиятга эга бўлган ёдгорлик мажмуаси. Ушбу зиёратгоҳ ислом оламида энг машҳур ва таниқли зиёратгоҳ ҳисобланади. Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий дунёга машҳур исломшунос олим ва аллома бўлиб, 1997-1998 йилларда ҳижрий тақвим бўйича аллома туғилганига 1225 йил тўлиши муносабати билан у абадий макон топган қадимий мозорда катта ёдгорлик мажмуаси барпо этилган эди.

Enter Engineering Матбуот хизмати билдиришича, Ўзбекистон Республикаси президентининг жорий йил 11 февралда Самарқанд вилоятига сафари чоғида Имом ал-Бухорий ёдгорлик комплексини тўлиқ реконструкция қилиш ва унинг ҳудудида ободонлаштириш бўйича ишларнинг бориши билан танишди.

Реконструкция ишлари Enter Engineering компаниялари гуруҳи томонидан бажарилмоқда. Лойиҳа буюртмачиси Самарқанд вилояти ҳокимлиги қошидаги инжиниринг компанияси ҳисобланади.

Мақбарада реконструкция ишларида унинг айни кундаги кўриниши сақлаб қолинади.

Реконструкция ва ободонлаштириш ишлари 4,68 га майдонда, қурилиш ишлари 2.02 га майдонда олиб борилмоқда, бундан ташқари 0.35 га майдонда ерости галереяси бунёд этилади, 0.83 га майдон ички ҳовли сифатида ободонлаштирилади.

Шунингдек, бинолар атрофи ва катта майдон сифатида тегишлинча 1.72 ва 0.44 га жой кўкаламзорлаштирилади. Қурилиш ишларининг айни кундаги босқичида 442 нафар мутахассис ишчилар банд бўлиб, улардан 65 нафари хорижлик мутахассислар ҳисобланади. Жумладан, 53 та махсус техника бирлиги, 3 та минорали кранлар узлуксиз ишламоқда. Қурилиш ишлари билан параллель равишда лойиҳалаштириш ишлари ҳам давом этмоқда.

Тўрт бурчида тўртта баланд минораси бор муаззам кўринишдаги масжид биноси бунёд этилади, унда бир пайтнинг ўзида 9200 нафар намозхон ибодат қилиши мумкин. Катта масжид биносидан ташқари маъмурият бино, хизмат кўрсатиш корпуси биноси, аёллар ва эркаклар учун алоҳида таҳоратхона, миноралар ва айвонлар барпо этилади.

Ёдгорлик мажмуасида зиёратчилар ал-Бухорий мақбарасини зиёрат қилиб, бемалол ибодат қилишлари мумкин бўлади, шунингдек бу ерда жума намозлари, Рамазон ва Қурбон ҳайитидаги байрам намозлари жамоат иштирокида ўқилади. Мажмуада жисмоний имконияти чекланган кишиларнинг ҳаракатланиши учун барча шароитлар – замонавий лифтлар, махсус нишаб йўлкалар ва бошқа қулайликлар яратилиши назарда тутилган.

Қурилиш ва ободонлаштириш бўйича ишлар давомида мақбара атрофида жойлашган суви шифобахш булоқ ҳамда қарийб беш аср олдин экилган чинорларга зиён етказмаслик чоралари ҳам кўрилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1301 марта ўқилди

Янгиликлар

Top