Ўзбекистон янгиликлари

Индонезия вазири: Шубҳасиз, Ислом цивилизацияси ўчоқларидан бири бўлган диёр...

Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан хорижий давлатлар ижтимоий-сиёсий доиралари ва кенг жамоатчилиги вакилларидан қутловлар келмоқда.

Индонезия туризм ва креатив иқтисодиёт вазири Сандиага Салахуддин Уно “Дунё” АА орқали мамлакатимиз халқига қуйидаги табрик сўзларини йўллаган:

– Индонезия Республикаси туризм ва креатив иқтисодиёт вазирлиги номидан Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги билан чин қалбимдан табриклаб, ўзимнинг энг эзгу ниятларини изҳор этаман.
Ўзбекистон 30 йилда эришган ютуқлари ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий шижоати билан жаҳон ҳамжамиятида ўз кучи ва салоҳиятига эга бўлган давлатга айланди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Индонезиянинг ишончли ҳамкори сифатида турли соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширди. Жумладан, давлатларимиз ўзаро ҳамкорлиги натижасида туризм соҳасида катта натижаларга эришди ва бунинг самараси ўлароқ, мамлакатларимиз ўртасида виза талаблари бекор қилинди.

Икки давлат сайёҳлик йўналишида жуда катта салоҳиятга эга. Индонезияда сув туризми, экотуризм ва маъданий туризм йўналишлари, Ўзбекистонда эса тарихий ва зиёрат туризм жуда машҳур.

Индонезияликлар Ўзбекистонни ислом цивилизациясига улкан ҳисса қўшган мамлакат сифатида билади. Ўзбекистон Имом Бухорий, Мотуридий, Нақшбандий ва дунёга машҳур бошқа қатор алломаларнинг ватанидир.

Шубҳасиз, Ўзбекистон - Ислом цивилизацияси ўчоқларидан бири, тарих ва келажакни ўзида мужассам этган Марказий Осиёнинг юрагидир.

Ўзбекистон ва Индонезия алоқаларида Президент Сукарно алоҳида ўринга эга. Ҳозирги кунга қадар мамлакатларимиз ўзаро ҳамкорликни жадал ривожлантириб келмоқда. Ишончим комилки, ўзаро ҳамкорлик, ишонч ва сай-ҳаракатларимиз билан Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги муносабатлар икки халқ манфаатлари йўлида изчил ривожланишда давом этаверади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1411 марта ўқилди

Янгиликлар

Top