Ўзбекистон янгиликлари

Бугун 23 август куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида «Қуръони Карим ва тажвид» ўқув курсининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов очиб берди. У «Қуръони Карим ва тажвид» ўқув курсининг ўқув дастури тайёрланганини ва бу ўқув курсида билимли, ижозали устозлар таълим беришини эълон қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бугун юртимиз мусулмонларининг узоқ кутган орзулари ушалиш арафасида турганини таъкидлади. Жумладан, Ҳомиджон домла Қуръонни тажвид билан ўқиш фарз эканига урғу бериб, ушбу янги очилаётган ўқув курси ҳам мазкур фарз ибодатни бажаришда бизга кўмакчи бўлишини таъкидлади.

Тадбирда сўзга чиққан Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғофуров давлатимиз томонидан Қуръон таълимига катта эътибор қаратилаётганлигини, юртимиздаги 17 та «Қуръони Карим ва тажвид» ўқув курсларида 18 мингдан ортиқ тингловчилар Қуръонни тўғри ўқиш малакасига эга бўлишганини айтиб ўтди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги «Қуръони Карим тажвидини ўргатиш» бўлими бошлиғи ўринбосари Ўзбекистон халқаро ислом академияси фахрий доктори Аброр Мухтор Али домла Жиззах ва Фарғона вилоятларида жами 4 та «Қуръони Карим ва тажвид» ўқув курслари очилиши ҳақида маълум қилди.

Тадбирнинг фахрий меҳмони профессор Абдулҳаким Шаръий Жузжоний ҳам сўзга чиқди. Абдулҳаким домла тадбир иштирокчиларини табриклаб, Қуръоннинг мазмун-моҳияти мўжизакорлиги, илм-фан билан ҳамоҳанглиги, араб тилининг яхлитлигини сақлаб туриши ҳақида қимматли маълумотларни тақдим қилди.

Тадбир жараёнида Ўзбекистон халқаро ислом академияси «Қуръони Карим ва тажвид» ўқув курсида таълим берадиган устозлар тингловчиларга таништирилди.

Маросим сўнггида янги очилган ўқув курсининг келгусидаги фаолиятига муваффақиятлар тилаб, дуои хайрлар қилинди.

 

1361 марта ўқилди

Янгиликлар

Top