Ўзбекистон янгиликлари

Келажакка тикилган буюк сармоя

Илмга эътибор, таълимга муҳаббат тараққиётнинг асосини ташкил этади. Айтиш мумкинки, бугун биз қандай юксак даражаларга, улуғ мақомларга эришган бўлсак, бунинг замирида, аввало, илмга, билимга, таълимга эътибор мужассам.

Тарихдан маълумки, қайси юртдан қайси соҳа бўйича кўп олимлар етишиб чиққан бўлса, ўша халқнинг илмга муҳаббати зиёда бўлган. Мисол учун, юнонлар фалсафага муҳаббатли бўлгани боис фалсафа илмининг дарғалари – Афлотуну Арастулар шу заминда камолга етган. Шумерлар зироат ишларига муҳаббатли бўлгани боис мислсиз ютуқларни қўлга киритишган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан сўнг дунёнинг қиёфаси бутунлай ўзгариб кетди. Арабистон ярим оролида порлаган Ислом нури бутун оламни мунаввар этди. Хусусан, азалдан фитратида ҳақ динга мойиллик бўлган халқимиз, миллатимиз Исломга шу қадар муҳаббат қўйиб, унинг арконларини ўта иштиёқ билан ўзлаштирди ва таълимотини кучли чанқоқлик билан ўрганди. Натижада Ислом илмини бойитган буюк олимлар бизнинг муаззам юртимиздан, илмга, ибодатга ташна миллатимиз орасидан чиқди.

Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Термизий, Замахшарий, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Насафий, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек… Рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Ана шу буюк мутафаккирларнинг қонлари бугун бизнинг ёшларимиз томирларида оқмоқда.

Илмга ташналик набавий кўрсатмадир. Юртимиз қадимдан буюк алломалар юртидир. Бугунга келиб яна шу буюкликка интилган ҳолда ёш авлоднинг илму маърифатига эътибор кучайди. Буни шахсан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев назорат қилиб, таълим масканлари ва у ердаги тарбиянинг нечоғли сифат ва мукаммаллигига эътибор берилаётганидан ҳам билса бўлади.

* * *

Ана шундай улуғ ва хайрли ишга ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги жамоаси Зангиота туманида фаолият юритаётган имом-хатиблар билан биргаликда ҳомийларни жалб қилган ҳолда тумандаги 8-умумий ўрта таълим мактабининг 30 нафар кам таъминланган оила фарзандларига кийим-кечаклар, ўқув қуроллари, китоблар олиб бердилар.

Шунингдек, мактабнинг ҳожатхонаси таъмирланиб, янги ўқув йили арафасида фойдаланишга топширилди.

* * *

Аслида, илмни диний ёки дунёвий деб ажратиб бўлмайди. Чунки ҳаммаси ҳам илм, барчаси ҳам билимдир. Шу боис буюк келажакни кўзлаган халқ илмнинг ҳар бир соҳасида етук олимларни етиштириши шарт.

ХIХ асрда яшаган машҳур француз адиби ва файласуфи Виктор Гюго: “Таълим билан дин уйғун ўрганилиши лозим. Шундагина яхши одамлар етишади”,  деган эди.

Илм ёшликнинг зийнатидир. Илм келажакка тикилган энг ишончли сармоядир. Ёш ўсиб келаётган авлоднинг илму маърифатга аҳамият бериши эса миллат келажагининг буюк эканлиги белгисидир. Илм маърифатни эгаллаш учун ёшликдан интилмоқ зарур. Бу билан бирга эса яна бир неча омиллар борки боланинг илми мукаммал бўлишини таъминлайди.

Олимларимиздан келган ҳикматли сўзлардан бирида айтилишича: “Ким олимлар ва илмга хурматсизлик қилса, унинг зурриётларидан илм аҳли чиқиши қийин”, дейишган. Шунинг учун ҳам инсон олим бўлиши ёки илм олувчи бўлиши, ё илм аҳлига хизмат қилиб, ихлос билан уларни севувчи бўлмоғи лозим. Аммо асло илм ва илм аҳлини ёмон кўрувчи бўлмаслиги керак. Бу ҳадиси шарифда гўзал тарзда ифодаланган

Абдураҳмон ибн Абу Бакрадан, у отасидан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Олим бўлинг ёки ўрганувчи бўлинг ёки эшитувчи бўлинг ёки илм аҳлига муҳаббатли бўлинг, аммо ҳаргиз бешинчиси бўлманг-ки, ҳалок бўласиз” (Имом Байҳақий ривояти).

Аллоҳ таоло ёшларимизга илм-фаннинг барча соҳаларини чуқур эгаллаб, буюк мутафаккир алломаларимиз каби Ватанимизга, халқимизга, динимизга, элимизга хизмат қиладиган улуғ олимлар бўлишларини насиб қилсин. Илм йўлида, таълим соҳасида яратилаётган шарт-шароитларга бош-қош бўлаётган барча раҳбарларимизни, саховатпеша тадбиркорларимизни, имом домлаларимизни Раббимиз Ўз паноҳида асрасин!

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

1568 марта ўқилди

Янгиликлар

Top