Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон элчихонаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакиллари муҳим масалалар бўйича учрашув ўтказди

Мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси вакиллари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ахборот агентликлари иттифоқи (Union of News Agencies - UNA) бош директори вазифасини бажарувчи Муҳаммад Абду-Раббу Ал-Ямий билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Унда M.Ал-Ямий ошкоралик, ўзаро ишонч, бағрикенглик, ирқчиликни рад этиш, исломий ва гуманитар қадриятлар асосида медиа-индустрияни ривожлантириш борасида Ахборот агентликлари иттифоқининг медиа платформа сифатидаги ўрни ҳақида маълумот берди.

У, шунингдек, ташкилотнинг келгуси йиллардаги фаолиятига доир режаларини ҳам тақдим этди. Мазкур иттифоққа аъзо мамлакатларнинг расмий миллий ахборот агентликлари учун стратегик медиа маслаҳатлар бериш нуқтаи назаридан UNA барча имкониятларга эга эканини қайд этар экан, оммавий ахборот воситалари учун ўқув машғулотларини ташкил этиш истиқболлари ҳақида ҳам сўз юритди.

Учрашув чоғида Ахборот агентликлари иттифоқининг навбатдаги ассамблеясини ўтказиш бўйича музокаралар олиб борилаётгани маълум қилинди.

Тадбирда Ахборот агентликлари иттифоқи ва Ўзбекистонда фаолият кўрсатадиган ахборот агентликлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш истиқболлари билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, UNA 1972 йилда ИҲТнинг ихтисослашган медиа органи сифатида тузилган бўлиб, араб, инглиз ва француз тилларида кундалик ахборот бюллетенларини онлайн шаклда тарқатади, Ислом дунёсидаги янгиликлар ва воқеаларни ёритади.

Ахборот агентликлари иттифоқининг фаолияти Ислом маданий меросини таъкидлашга, ИҲТ аъзо давлатлар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш ва манфаатдор идоралар ўртасида касбий алоқалар ва техникавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Шунингдек, иттифоқ мусулмонларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий масалаларга нисбатан хабардорлигини кучайтиришга қаратилган ишларни ҳам олиб боради.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

994 марта ўқилди

Янгиликлар

Top