Ўзбекистон янгиликлари

Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида 2200 нафардан ортиқ талаба ўқишни бошлади

6 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги 3 та олий диний таълим муассасаси ва 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасасида 2021-2022 ўқув йилининг бошланиши ва Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита раҳбар ва маcъул ходимлари, вилоят вакиллари, мартабали меҳмонлар, ўқитувчи ва талабалар, ота-оналар иштирок этди.

Маросимлар давлат мадҳияси, Қуръон тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Сўнгра таълим муассасалари раҳбарлари ва мартабали меҳмонлар сўзга чиқиб, талабаларни мутақилликнинг 30 йиллик байрами, янги 2021-2022 ўқув йилининг бошланиши ва қабул имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, таълим муассасаларининг биринчи курсига ўқишга кирган талабаларни билан табриклаб, дуои хайрлар қилдилар.

Шундан сўнг таълим муассасаларининг барча гуруҳларида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида “Мустақиллик дарси” ўтказилди. Ушбу дарслар махсус видео слайдлар асосида олиб борилди.

Маълумот учун, 2021-2022 ўқув йили учун олий диний таълим муассасаларига 216 нафар, ўрта махсус ислом таълим муассасаларига 270 нафар, жами 486 нафар абитуриентлар талабаликка қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда барча олий ва ўрта-махсус диний таълим муассасаларида жами 2212 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга 425 нафар малакали педагог-ўқитувчи дарс бермоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1099 марта ўқилди

Янгиликлар

Top