Ўзбекистон янгиликлари

Ислом молияси ва ҳалол савдо фаолияти бўйича семинар ўтказилди

Инновацион ривожланиш вазирлигида “Ислом молияси асослари ва ҳалол савдо фаолияти" мавзусида семинар ташкил қилинди. Семинарни Ислом тараққиёт банки ва унинг шўъба корхоналарида фаолият олиб бораётган, ушбу соҳада тажрибага эга мутахассислар олиб борди. Унда юздан ортиқ тингловчилар, тадбиркор, ҳуқуқшунос, банк ходимлари ва талабалар қатнашди. Бу ҳақда islom.uz сайти хабар қилди.

Ушбу тадбир Ўзбекистонда бўлиб ўтган Ислом тараққиёт банкининг йиллик анжуманидан сўнг ташкил қилингани соҳага қизиқиш ортаётганини англатади. Семинарда Ислом молиясининг асосий тамойиллари, ундаги тақиқлар, шартномаларга қўйиладиган талаблар, шерикчилик ва савдо-сотиқ қоидалари, Ислом банклари фаолияти ва мусулмон тадбиркорнинг ахлоқи мавзуси батафсил ёритилди.

Тадбирга Ўзбекистон мусулмолмонлари идораси бўлим мудири Муҳаммад Айюбхон Ҳомидов ҳам ташриф буюриб, семинар иштирокчиларига савдо-сотиқ ва молиявий муносабатларда ислом дини талабларини тушунтирдилар, тингловчиларнинг Ислом ва тижорат фиқҳига оид саволларига жавоб бердилар.

Семинар якунида иштирокчилар бу соҳада ўқув курсларини ташкиллаштиришга эҳтиёж катталигини, сабаби Ислом молияси ривожланиши мамлакатимиз тадбиркорларига ниҳоятда зарурлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1085 марта ўқилди

Янгиликлар

Top