Ўзбекистон янгиликлари

БАА "Gulf Business" журнали: Ўзбекистон халқаро кўргазмада бутун дунёга диққатга сазовор масканларини намойиш этади

Бирлашган Араб Амирликларида нашр этиладиган «Gulf Business» журнали саҳифасида Ўзбекистон-БАА муносабатларига бағишланган мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Нашр жорий йил 1 октябрь куни очиладиган «ЭКСПО 2020 Дубай» кўргазмасида (ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли унинг очилиши қолдирилган эди) Ўзбекистон биринчи маротаба ўзининг павильонини очиши, мамлакат ушбу миллий павильони воситасида бутун дунёга ўз режалари ва диққатга сазовор масканлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этишига доир маълумотларни ўқувчилар эътиборига ҳавола қилган.

Шунингдек, мақолада 1 минг 739 квадрат метр саҳнни эгаллайдиган ўзбек павильони уч қисмга бўлиниши, улар мамлакатнинг тарихи, бугуни ва эртанги кунини намойиш этиши, шунингдек, пештахталардан жой оладиган миллий маҳсулотларга доир маълумотлар ҳам ўз ифодасини топган.

Унда Ўзбекистон бой исломий маданий меросга эга эканлиги алоҳида таъкидланган. Ҳазрати Усмон ибн Аффон (розийаляоҳу анҳу) даврида кўчирилган Қуръони Карим нусхаси (Мусҳафи Усмон) мамлакатимизда сақланаётгани бунга бир мисол тариқасида келтирилган.

“Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликлари сингари кўп миллатли мамлакатдир. Ўзбеклар заминида 100 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Мамлакат 14 минтақага эга бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига хос анъана, миллий рақслар ва таомларига эга”, - деб ёзади нашр.

Мақолада ушбу кўргазма доирасида Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти вакиллари миллий либосларда ўзларининг миллий қадриятларини намойиш этиши, шунингдек, меҳмонлар ўзбек миллий таомларидан татиб кўриш имкониятини яратиш режалаштирилгани ҳам журналхонларга маълум қилинган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

130 марта ўқилди

Янгиликлар

Top