Ўзбекистон янгиликлари

Маданий жавоҳирлардан баҳраманд бўлиб...

Жаҳон тарихида етакчи ўрин тутган қадимий цивилизациялар кўп. Лекин улар орасида Марказий Осиёнинг кўҳна илм-фани, тараққиёт босқичлари, маърифатининг ўз ўрни, аҳамияти бор, албатта.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурган ташаббуси асосида ўтказилган "Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида" мавзусидаги халқаро форумда айни саволларга батафсил ва кенг жавоб топиш имкони яратилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев форум иштирокчиларига табрик йўллади. Бу эса маданият, илм-фан, маънавият ва маърифат масалалари юртимизда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини кўрсатади.

Дарҳақиқат, бундан уч минг йил муқаддам минтақада илк шаҳарлар ва давлатчилик вужудга келди. Аллома боболаримиз саъй-ҳаракати билан аниқ, ижтимоий-гуманитар фанлар муттасил тараққий этди.

Минтақамизнинг қадимий илм-фан, маданият ва цивилизация марказлари кўҳна Хива, Самарқанд ва Бухоро, Ўтрор ва Хўжанд, Марв ва Ўш сингари ўнлаб шаҳарлар тарихи билан узвий боғлиқ. Айни пайтда Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Абу Наср Форобий, Мирзо Улуғбек сингари буюк олимлар, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий, Нажмиддин Кубро каби улуғ уламолар, Камол Хўжандий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Махтумқули, Абай, Тўқтағул, Бердақ сингари машҳур шоирлар, Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод каби мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморлар ўзининг бетакрор фаолияти билан дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшдилар.

Юртимизда кўтаринки руҳда ўтказилаётган Маданий мерос ҳафталиги халқаро миқёсда ҳам юқори баҳоланмоқда.

Ҳафталикнинг навбатдаги босқичида иштирокчиларнинг Катта Гулдурсун қалъа, Тупроқ қалъа, Қизил қалъа сингари қўҳна обидаларга саёҳати, Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейига ташрифи, Нукус шаҳрида ўтказилажак II халқаро бахшичилик санъати фестивалида иштироки кўзда тутилмоқда.

Ҳа, чиндан ҳам мазкур ҳафталик хорижлик меҳмонларга моддий ва номоддий меросимиз, осори атиқаларимиз, қиммати ҳар қандай бойликлардан устун миллий меросимиз билан кенгроқ танишиш имконини бермоқда.

Назокат Усмонова, ЎзА

1198 марта ўқилди

Янгиликлар

Top