Ўзбекистон янгиликлари

Имом Мотуридийнинг мўътазилия мактабига раддиялари ўрганилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Туркиянинг Иғдир университети ҳамкорлигида “Имом Мотуридийнинг мўътазилия мактабига раддиялари” мавзусида “Zoom” платформаси орқали халқаро илмий-амалий семинар бўлиб ўтди, хабар бермоқда “Зарафшон” нашри.

Семинарда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, ҳамкор ташкилотлар, юртимиз ва хориждаги илмий доиралар вакиллари, диний йўналишдаги таълим муассасалари олимлари ва мустақил тадқиқотчилар иштирок этди.

Унда Иғдир университети илоҳиёт факультети ўқитувчиси, доцент Юлдузбек Мусаханов маъруза қилди. У нутқи аввалида Имом Мотуридий шахсига оид қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди ва мавзунинг аҳамиятли жиҳатлари ҳақида гапирди.

- Абу Мансур Мотуридий асарларида динлар ўртасида бағрикенглик, ҳурмат ва умуман ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масаласига ҳаётий зарурат сифатида ёндашилган, - деди маърузачи. - Аллома қарашларида илгари сурилган чуқур илмий ва назарий мулоҳазалар асосидаги қоида ва мезонлар маърифий исломни тушуниш ва ўрганишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Мотуридий томонидан мўътазилия мактаби каби ботил оқимларга қарши мантиқий ва илмий далиллар асосида раддиялар берилишининг юксак тарихий қиймати ҳақида сўз борди. Унга кўра, диний-эътиқодий ихтилофлар мураккаблашиб, ёт мутаассиб оқимлар фаолияти кучайиб борган бир шароитда, соф ақида ва калом илмлари хулосаларига таянган мотуридия таълимотининг вужудга келиши жамиятни бағрикенглик ва мўътадиллик ғоялари асосида бирлаштиришга ва ёт ғояларни халқ орасидан сиқиб чиқаришга замин яратди.

Маърузачи нутқи давомида Мотуридия таълимотининг мўътазилийлар қарашларидан устунлик жиҳатларини алломанинг мазкур мактаб вакилларига берган илмий асосланган раддиялари орқали батафсил кўрсатиб берди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати хабарига кўра, тадбирда мавзу юзасидан қилинган маърузалар муҳокама қилинди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга илмий асосланган жавоблар қайтарилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

997 марта ўқилди

Янгиликлар

Top