Ўзбекистон янгиликлари

Иброҳимжон домла Иномов: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир”

Навоий вилоятига сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Конимех туманидаги “Мих Ота”, Навбаҳор туманидаги масжидига ташриф буюриб, "Шукроналик фазилати" мавзусида суҳбат қилиб бердилар.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратиб, унга сон-саноқсиз неъматлар ва туганмас яхшиликларни ато қилди. Бу неъмат ва яхшиликлари билан инсонни бошқа яратилганлардан афзал қилди.
Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шукр ҳақида бундай деганлар:
“Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга ташаккур айтмаса, улардан миннатдор бўлмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Неъматлар ҳақида гапириш – шукрдир. Уни гапирмаслик эса –ношукурликдир. Жамоат билан юриш – раҳматдир. Ёлғизлик эса – азобдир”, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Шукрнинг фазилатларидан яна бири шуки, инсон шукр қилса, ризқи яна зиёдалашади. Бу ҳақда ҳазрати Али разияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади” (Имом Байҳақий ривояти).

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ бундай деганлар: “Ҳар бир инсон ўз ҳолига, ҳаётига, қисматига, тақдирига рози бўлишни, шукр қилишни ўрганиши керак. Чунки, бу ҳаётни унга Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло раво кўрди ва шундай бўлишини ирода қилди. Шунинг ўзи – катта марҳамат, шунинг ўзи – катта бир неъмат! Шукр қилсак, Аллоҳ бундан ҳам зиёда қилади. Аммо ношукурлик қиладиган бўлсак, бошқа ҳаётларга ҳавас қиладиган бўлсак, ўзимиздаги боридан ҳам маҳрум бўлиб қолишимиз мумкин”.

Маърифий суҳбат савол-жавобга уланиб кетди. Якунда хайрли дуолар қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матуот хизмати

1145 марта ўқилди

Янгиликлар

Top