Ўзбекистон янгиликлари

"Гапирмайман, эшитмайман лекин Аллоҳдан розиман..."

Хабарингиз бор, марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратлари томонидан нашр этилган “Тафсири Ирфон” китобининг мухтасар шаклда таълиф этилган – “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси” китоби чоп этилиб, хайрия тариқасида кенг тарқатилмоқда.

Айни кунларда ушбу Қуръони карим китобининг нусхалари мадрасалар устозлари, талабалари, имом-домлалар, диний соҳа ходимлари ва Қуръони карим ўқишга иштиёқи бор, лекин имконияти йўқ фуқароларга ҳам бепул тарқатиш ишлари давом этмоқда. 

Шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” фонди ташаббуси билан ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги томонидан Самарқанд шаҳрида эшитиш ва сўзлашишда нуқсони бор, ижтимоий химояга муҳтож юртдошларимизга “Сиз бизга кераксиз!” шиори остида маърифий тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги, “Вақф” фондининг ҳудудий филиали ва ҳамкор ташкилот ходимлари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили  Зайниддин домла Эшонқулов  кириш қисми билан очиб бердилар.

Вилоят бош имом-хатиби ўз маърузаларида  диний жабҳада олиб борилаётган эзгу ишлар борасида сўзлади.

Тадбирни “Миссионерликдан огоҳ бўлинг” мавзусида вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров ўз маърузаси билан давом эттирди.

Маърифий тадбирда сўзга чиққанлар Ислом динининг мазмун-моҳияти, иймон-эътиқод масаласи ҳақида маълумот бериш билан бирга, миссионерлик хатаридан огоҳ бўлиш лозимлигини таъкидладилар.

Шундан сўнг, имконияти чекланган фуқаролардан 2 нафари сўзга чиқиб, уларга берилаётган эътибор, қилинаётган ҳурмат-эҳтиромдан мамнун эканлигини айтиб ўтди. Қолаверса, Миссионерликнинг салбий оқибатлари борасида етарлича тушунчалар ҳосил қилганлигини ва буларни ўз дўстларига ҳам тушунарли қилиб етказишини таъкидладилар.  

Тадбир давомида марҳум муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари таржима қилган “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси” китоби имконияти чекланган ҳамюртларимизга ҳадя тариқасида тарқатилди, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

Йиғилиш якунида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан учрашув иштирокчилари учун эҳсон дастурхони ёзилиб, ош тарқатилди.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги мабуот хизмати

1311 марта ўқилди

Янгиликлар

Top