Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон уламолари қатнашган халқаро анжуман  юқори савияда ўтди

 

Хабар берганимиздек, 29 сентябрь – 1 октябрь кунлари Қирғизистон мусулмонлари идораси томонидан ўтказилган “Ислом – тинчлик таянчи” мавзусидаги халқаро анжуман Ўш шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳридаги “Убай ибн Каъб” жоме масжиди имом-хатиби, таниқли уламо Абдулҳаким қори Маткулов бошчилигида Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Алишер домла Наимов, Наманган вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Обидхон қори Икрамовдан ташкил топган делегация иштирок этди.

Дастлаб, Ўзбекистон делегациясини ўзбек-қирғиз “Дўстлик” божхона чегара постида Қирғизистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳабибуллоҳ домла ва Ўш шаҳри бош имом-хатиби Убайдулла домла Сарыбаев кутиб олди.

Ташрифнинг биринчи куни “Ош Гранд – Алай” меҳмонхонаси мажлислар залида Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Дин ишлари бўйича давлат комиссияси директори Абдикадиров Тойғонбой билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Абдикадиров Тойғонбой меҳмонларни ташрифлари билан табриклаб, анжуман мақсадлари, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг янада ривож топиши, ҳамжиҳатлик, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти ҳамда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни кузатиб бораётгани ҳақида сўзлаб берди. У сўзининг ниҳоясида келгусидаги қирғизистонлик уламолар билан бирга Ўзбекистонга ташриф буюриб, ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашни режалаштирганини таъкидлади.

30 сентябрь куни юртимиз вакиллари Ўш вилояти губернатори Зияуддин Исламович билан мулоқот қилди. Губернатор ушбу ўтказилаётган анжуман давлатлараро, айниқса, ўзбек-қирғиз халқлари учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, Ислом дини асрлар давомида ота-боболаримиз дини бўлганини айтди. Учрашув давомида Абдулҳаким қори Матқулов жорий йил давомида Президент маслаҳатчиси, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятлари бошчилигида бир гуруҳ уламолар бутун республика бўйлаб, мўмин-мусулмонлар билан ҳудудларда, хусусан, масжидларда юзма-юз мулоқот қилиб, суҳбатлар қилганлари ва аҳолини қизиқтирган саволларига жавоб берганлари катта натижа берганини айтиб ўтди.

Сафар давомида Ўш шаҳри мери Мамбетов Алмаз билан учрашув бўлиб ўтди. Унда шаҳар мери анжумандаги иштироклари учун делегациямиз вакилларига миннатдорлик изҳор қилди. Абдулҳаким қори Матқулов ҳам ушбу анжуманнинг туркий тилларда сўзлашувчи халқлар учун катта манфаат бериши, яхшиликларга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Шу куни Ўш давлат университети анжуманлар залида “Ислом – тинчлик таянчи” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркия, Россия ва Қирғизистон давлатлари ҳамда кузатувчи сифатида Миср давлати уламолари ўз маърузалари билан иштирок этди.

Анжуманда Абдулҳаким қори Матқулов нутқ қилиб, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳнинг улуғ неъмати экани, осойишталикни бузаётганлар, қўпорувчиликни амалга ошираётганлар, турли оқимларга тарғиб қилаётганларнинг мақсади Ислом дини таълимотини бузиш, одамларни ундан четлаштириш ва имонли кишиларга нисбатан нафрат уйғотиш экани, гуноҳсиз одамларга нисбатан гўёки “дин йўлида” амалга оширилган ҳар қандай зўравонлик зулм ҳисобланиши, террорчилик ўз олдига шафқатсизлик, зулм, қотиллик ва азоб-кулфатларни мақсад қилиб қўйгани, террор ҳаракатлари, бегуноҳ кишиларга қарши қилинаётган жиноят экани, Исломда оғир гуноҳ ҳисобланиши, ҳар бир мусулмон ер юзида тинчлик, осойишталик ва адолат ўрнатиш учун Аллоҳ таоло олдида масъул экани ҳақида сўз юритди.

Анжуман ниҳоясида иштирокчилар томонидан анжуман резолюцияси қабул қилинди.

Ташрифнинг иккинчи куни анжуман иштирокчилари белгиланган дастур бўйича Ўш шаҳрининг диний ўқув юртларига ташриф буюриб, “Ислом тинчлик дини”, “Илм олишнинг аҳамияти” мавзусида талабалар билан семинар ўтказдилар.

Абдулҳаким қори Матқулов Қирғизистон Республикаси таълим ва фан вазирлигига қарашли Батирали Садиков номидаги қирғиз-ўзбек халқаро университетига ташриф буюрди. Мазкур университет ташкил топганига 30 йилдан ошган бўлиб, унда 15 мингдан зиёд талаба таҳсил олади. Шундан 6500 нафари ўзбек талабалардир.

Ташриф давомида делегация аъзолари университет ректори Чаткалбай Райимбаев бошчилигида университет педагоглари ҳамда талабалари билан учрашув ўтказди. Шунингдек, университетда таълим олиш учун қилинган шарт-шароитлар билан танишди, талабаларнинг Ўзбекистон ҳақидаги фикрлари, икки миллат фарзандларининг ўзаро бир-бирлари билан чиройли муносабатларига гувоҳ бўлдилар.

Университетнинг мажлислар залида талабалар билан учрашув бўлиб, Абдулҳаким қори Матқулов “Ислом тинчлик дини”, “Илм олишнинг аҳамияти” мавзусида маъруза қилди. Маърузада сўнгги беш йилда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, таълим, фан ҳамда спортда жуда катта ишлар амалга оширилгани, айниқса, диний таълим учун имкониятлар берилгани ҳақида сўзлаб берди.

Ўз навбатида университет профессор ўқитувчилари Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган сиёсатни қўллаб-қувватлашлари, у киши чексиз ҳурматга сазовор эканлари, ОАВ орқали барча чиқишларини кузатиб боришлари ҳамда икки халқ фаровонлиги учун  олиб бораётган фаолиятларини эҳтиром билан изҳор қилдилар.

 Шундан сўнг жума намозини адо этиш учун Ўш шаҳрининг энг йирик жоме масжидлардан бири бўлган “Имом Ҳасан” масжидига ташриф буюрилди. Абдулҳаким қори Матқулов минбарга таклиф қилинди ва жамоатга ўтказилган анжуманнинг асосий мақсад-мазмуни, умматнинг бирлиги, мусулмонлар ўзаро биродарликда ҳаёт кечириши лозимлиги ҳамда Ўзбекистонда бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб берди.

Қувонарли жиҳати, Қирғизистон мусулмонлари идораси қарори билан анжуманда иштирок этган юқори мартабали диний уламолар орасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси раҳбари, таниқли олим Абдулҳаким қори Матқулов таълим-тарбия ҳамда кўп йиллик дин ва маърифат соҳадаги хизматлари, кўплаб шогирдлар етиштиргани учун “Эл ардоқлаган олим” фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Ушбу нуфузли фахрий ёрлиқни Абдулҳаким қори Матқуловга Ўш шаҳар “Имом Ҳасан” жоме масжидида жума намози аввалида Ўш шаҳри бош имом-хатиби Убайдулла домла Сарыбаев томонидан топширилди.

Ўзбекистон делегацияси томонидан мазкур анжуманни ташкил этгани  учун Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир қори Ракиевга чуқур миннатдорлик билдирилди. Замир қори Ракиевнинг янги бошлаган муфтийлик лавозими билан муборакбод этиб, хайрли ишларида Аллоҳ таолодан муваффақиятлар тиланди. Замир қори Ракиев сўзида икки халқ орасидаги муносабатларнинг янада ривожланиши, дўстлик, ҳамжиҳатлик ҳамда ўзаро фикр алмашиш йўлида барча имкониятларидан фойдаланишини билдириб, буюк алломалар, устоз ва қорилар юрти бўлган Ўзбекистон билан янада чуқур алоқалар ўрнатиш истагини билдирди.

Сафар самимий руҳда, анжуман эса юқори даражада ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

1147 марта ўқилди

Янгиликлар

Top