Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент молия институтида ислом молияси бўйича мастер-класс ўтказилди

Ўзбекистонда исломий молиялаштиришни жорий қилиш учун ҳуқуқий-меъёрий асосларни шакллантириш ҳамда малакали мутахассисларни тайёрлашни рағбатлантириш мақсадида жорий йилнинг 5 октябрь куни Тошкент молия институтида Ислом тараққиёт банки мутахассислари иштирокида “Ўзбекистонда ислом молияси истиқболлари” мавзусидаги мастер-класс ташкил этилди.

Мазкур тадбирда Хусусий секторни ривожлантириш бўйича ислом корпорацияси маслаҳат-хизмат бўлими етакчи мутахассиси, МДҲ давлатлари бўйича лойиҳа бошқарувчиси Музаффар Низомиддинов, Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ҳусан Ҳасанов, Ислом тараққиёт банки мутахассиси Азиз Ғуломов, Islamic Business and Finance консалтинг компанияси асосчиси ва директори Жаҳонгир Имомназаров, илмий изланувчилар, олимлар, профессор ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.

Мастер-класс ислом молияси асослари ва тамойиллари, ислом молияси тарихи, ислом молиясида пулнинг моҳияти ва вазифаси, ислом молияси хизматлари саноати ва исломий молиявий шартномалар, ислом банкчилиги ва анъанавий банкчилик, Ўзбекистонда ислом молиясини жорий этиш каби долзарб мавзуларни қамраб олди.

Тадбир якунида Ўзбекистонда исломий молиялаштиришни жорий қилиш масалаларини илмий-тадқиқ қилиш йўналишлари белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи бошида куни Тошкент шаҳрида Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик анжумани бўлиб ўтди. Ушбу тадбир доирасида Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонда ислом банки ва молия соҳасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш учун техник ёрдам гранти ажратиши маълум бўлди.

 

azon.uz

1009 марта ўқилди

Янгиликлар

Top