Ўзбекистон янгиликлари

Нуронийлар эъзозда
 

Сиз каби кўпни кўрган, юзидан нур ёғилиб турган отахон ва онахонлар жамиятимизнинг мустаҳкам замини, юртимизнинг файзу баракасидир.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

 

Тараққётимизнинг янги босқичида иқтисодий ривожланиш, тараққиёт, ижтимоий ҳимоя каби соҳаларга катта эътибор қаратилмоқда. Кексаларни қўллаб-қувватлаш давлат тизимини янада такомиллаштириш мақсадида қариялар ва фахрийларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг фаоллигини ошириш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратиш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш соҳасида катта авлод вакилларининг ролини оширишга катта эътибор қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Кексалар ҳафталиги”га тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 158-сон баён қарорига асосан 4-10 октябрь кунлари вилоятимизда “Кексалар хафталиги” муносиб ўтказилмоқда.

Бу юртимиздаги барча хонадонга сурур бахшида қилиб, кексаларимиз кўнгилларини тоғдек кўтарди. Бу билан албатта, кексаларимизга янада эътиборли, меҳрли бўлиш, уларнинг ҳаёт тажрибаларида синалган бебаҳо ўгитларидан фойдаланиш, оилаларнинг тинч-тотув, тўкис яшашида, фарзандлар тарбиясида уларнинг панд-насиҳатларига эргашиш каби азалий қадриятларимиз янада ривожланади.

Зеро, ёши улуғларнинг панд насҳатларига қулоқ тутиб фаолият юритиш, иш бошлаган пайтимизда уларнинг дуосини олиш энг қадрли анъаналаримиз сарасига киради. Юртбошимиз бу ҳақда таъкидлаб: Хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган нуроний отахон ва онахонларимизни эъзозлаш, уларни ҳаётдан рози қилиш, қўлимиздан келганича умрларини узайтириш асрлар давомида энг улуғ қадриятларимиздан бири бўлиб келмоқда. Бундай табаррук инсонларга хизмат қилиш, уларга муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўришни эзгу ва савобли ишимиз деб биламиз.

Дарҳақиқат, кексаларни эъзозлаш, уларга доимо эътиборли, меҳрли бўлиш қон-қонимизга сингиган қадриятларимиздан. Уларнинг ҳаёт тажрибаларида синалган бебаҳо ўгитлари оилаларнинг тинч-тотув, тўкис яшашида, фарзандлар тарбиясида қанчалар зарурлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ёши улуғлар билан маслаҳатлашиб иш тутиш, иш бошлашдан олдин уларнинг дуосини олиш энг қадрли анъаналаримиздандир. Бунинг маъно-моҳияти “Қари билганни пари билмас”, деган нақлда ҳам яққол акс этган. Азалдан халқимиз кўплаб эзгу ишларида кўпни кўрган отахон-у онахонларнинг маслаҳатларига таянади.

Юртимиздаги ҳар бир корхона ва ташкилот, таълим ва тарбия муассасаларида, давлат ва нодавлат ташкилотларида фахрийларга, нуронийларга эътибор қаратилади. Меҳнат фахрийлари эъзозда, уларга зарур моддий, маънавий, тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўришда, барча муаммоларини ечишда атрофдагилар беғараз ёрдам кўрсатадилар.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Наманган вилояти вакиллиги ташаббуси билан ҳам ҳафталик доирасида вилоятимизда фидокорона меҳнат қилган ҳурматли нуронийлардан 70 нафарини вакиллик ҳузурида бир пиёла чой устида суҳбатга чорланди.

Ҳафталик доирасида вилоятдаги барча масжидларда “Кексалар ҳафталиги” муносабати билан бир пиёла чой устида тадбирлар ўтказилиб, нуронйи отахонлар йўқландилар, беморларининг ҳолларидан хабар олинди. Амалга оширилаётган тадбирлар вилоят марказий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилмоқда.

 

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

1883 марта ўқилди

Янгиликлар

Top