Ўзбекистон янгиликлари

Тошкентда ислом банкчилиги ва молияси бўйича халқаро форум бошланди

Тошкентда “МДҲ мамлакатлари II Ислом банкчилиги ва молияси форуми” бугун ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон банклари ассоциацияси ахборот хизмати хабар тарқатди.

Форумда йигирмадан ортиқ давлатлардан келган мутахассислар иштирок этмоқда. Тадбир “AlHuda” ислом банкчилиги ва иқтисодиёти маркази ва Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси ташаббуси билан Ўзбекистон банклари ассоциацияси ва қатор ташкилотлар кўмагида ўтказилмоқда.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад МДҲ мамлакатларидаги иқтисодий бозорни ўрганиш, минтақадаги ислом банкчилиги ва молия соҳасидаги тенденциялар, имкониятлар ва соҳадаги учраётган қийинчиликларни таҳлил этишдан иборатдир.

Форум доирасида 22-23 октябрь кунлари Ўзбекистон банклари ассоциацияси биносида ислом банкчилиги, такафул ва ислом микромолияси мавзуларига бағишланган икки кунлик махсус интенсив семинар тренинг ташкил этилади.

Маълумот учун: “AlHuda” маркази 15 йилдан бери ислом банкчилиги ва молиясини тарғиб этиб келмоқда. Хорижий ташкилотнинг асосий мақсади фоизсиз банк хизматларини кўрсатишдир. Ҳозирда дунёнинг етмишдан ортиқ мамлакатларида айнан ушбу марказда таълим олган битирувчилар иш олиб бормоқда.

 

azon.uz

1274 марта ўқилди

Янгиликлар

Top