Ўзбекистон янгиликлари

Ислом цивилизацияси марказида 5 мингга яқин манбалар бор

Халқаро медиа холлда "Ўзбекистон – маданиятлар ва цивилизациялар чорраҳаси: тарих ва бугунги кун" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.


ЎзА хабарига кўра, давра суҳбатида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси бош директори Шоазим Миноваров буюк аждодларимиз меросини ўрганиш, турли диний конфессия вакилларининг аҳил ва ҳамжиҳатликда яшаши учун зарур барча шароитлар яратилганини таъкидлади. Маълумки, тарихимизда ислом цивилизацияси, маърифати, ислом Ренессанси алоҳида ўрин тутади. Ушбу цивилизацияларга пойдевор яратган аждодларимиз аниқ ва ижтимоий фанлар, тиббиёт, коинот илми, замонавий IT-технологиялар, сунъий интеллект ривожида, давлатчилик, шаҳарсозлик илми, маданият, адабиёт, тасвирий санъат равнақида муҳим аҳамият касб этган.


Ҳозирда мамлакатимиздаги илмий муассасалар, маърифат даргоҳларида буюк аждодларимизнинг ижодига мансуб 100 мингдан ортиқ манбалар бор. Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида беш мингга яқин қадимий манбалар бор. Уларни мукаммал ўрганиш, маъно-мазмунини тарғиб этиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.


Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бош директори Жалолиддин Сафоев миллий маданият ривожи ғоят кенг қамров ва миқёсли аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Ушбу тузилма миллий маданий меросимизни жаҳон миқёсида тадқиқ этиш, оммалаштиришда ҳам илғор лойиҳаларни ҳаётга фаол татбиқ этмоқда. Чоп этилаётган китоб-альбомлар, маърифий нашрлар, ўтказилаётган конгресс ва анжуманлар Ўзбекистон маданий меросига дунёда қизиқиш жуда катта эканини кўрсатмоқда.


Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг фаолияти хусусида ҳам батафсил маълумот берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1138 марта ўқилди

Янгиликлар

Top