Ўзбекистон янгиликлари

"Ислом ва замонавийлик" мавзусида вебинар бўлиб ўтди

Ўзбекистон элчихонаси ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази (ИБХИТМ) ҳамкорлигида Малайзия Ислом тушунчаси институти (IKIM) билан "Ислом ва замонавийлик" мавзусида вебинар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё»ахборот агентлиги.
Тадбир томонларнинг мусулмон дунёси олимлари ва мутафаккирларининг бой мероси, замонавий глобал муаммоларни ҳал этишда диннинг ролига бағишланган қўшма вебинарлар туркумини ишга тушириш бўйича музокаралари ортидан эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ташкил этилди.
Вебинар "IKIM" телеканалида ва институтнинг расмий Facebook саҳифаси орқали 13 мингдан ортиқ аудитория билан реал вақт режимида эфирга узатилди.
Тадбирда IKIM директори муовини Моҳд Зайди бин Исмоил, ИБХИТМ директори муовини Отабек Муҳаммадиев ва IKIM собиқ Бош директори, Малайя университети фахрий профессори Азизан бинти Баҳаруддин иштирок этдилар.
Вебинар давомида Ўзбекистон ҳукуматининг Ислом цивилизациясининг бой меросини ҳар томонлама ўрганиш, асраб-авайлаш ва кўпайтириш, бағрикенглик маданиятини ривожлантириш ва Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини оммалаштириш масалаларига ҳар томонлама ёндашуви қайд этилди.
Тингловчиларга Ўзбекистоннинг маданий ва интелектуал мероси, Ислом Уйғониш даврининг икки даврининг жаҳон цивилизацияси тарихидаги аҳамияти ва замонавий фан ва фалсафа тараққиёти ҳақида батафсил маълумот берилди. Ҳадис ва Ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис Алоуддин Усмоний Самарқандийнинг илмий мероси, ИБХИТМ олиб борган асарларининг тадқиқот натижалари келтирилди.
Тадбир давомида турли маданият ва дин вакилларининг тинч-тотув яшашини таъминлаш, замонавий глобал муаммоларни ҳал этиш, хусусан, "яшил ўсишни" рағбатлантириш, иқлим ўзгариши қаршисида масъулиятли ва барқарор истеъмол маданиятини тарғиб қилишда диннинг ўрни ҳам муҳокама қилинди.
Маълумот учун: IKIM илмий Ислом соҳасида фундаментала ва чуқур тадқиқотларни режалаштириш ва ўтказиш мақсадида 1992 йилда ташкил этилган. Малайзиянинг собиқ бош вазири Абдуллоҳ Аҳмад Бадавий Директорлар Кенгашининг раиси ҳисобланади. 2020 йилда IKIM ва ИБХИТМ ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1090 марта ўқилди

Янгиликлар

Top