Ўзбекистон янгиликлари

Фарғонада Имом Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг таржима қилинган 30-жузи тақдимоти бўлиб ўтди

Шу йил 28 октябрь куни Фарғона вилояти "Тадбиркор уйи" биносининг мажлислар залида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Абу Мансур Мотуридийнинг Қуръони карим тафсирига бағишланган “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг таржима қилинган 30-жузи тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Хатамов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мутасаддилари ҳамда имом-хатиблар иштирок этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходими Т.Эвадуллаев юртимизда ислом оламида катта обрў ва эътиборга эга бўлган аждодларимиз Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби алломалар ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар, жумладан, улуғ аждодларимизнинг ҳадис, ақида ва калом илмига оид асарларининг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш юзасидан мазкур марказ томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходими Т.Эвадуллаев ўз нутқида Имом Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” китоби Қуръон тафсирига оид асар бўлиб, ислом оламида катта мавқеъга эга бўлган тафсирлар сирасидан экани, бу асар ўз даврида баъзи адашган ақидавий оқимларни Қуръон маъноларини бузиб талқин қилишдек ботил таржималарига раддия ўлароқ, ишончли манба бўлгани, ҳамда асарни таржима қилиш билан боғлиқ жиҳатлар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, Қўқон шаҳар "Саодат" масжиди имом-хатиби Иброҳимжон домла Қодиров, Марғилон шаҳар "Робия ҳожи она" масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Файзуллаев ва бошқалар сўзга чиқиб, мазкур асарнинг яралиш тарихи, бошқа асарлардан унинг фарқли жиҳатлари ҳамда унинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўз юритиб, ушбу асарни она тилимизга таржима қилишда жонбозлик кўрсатганларга миннатдорчилик изҳор қилиб, улар ҳақига дуо қилдилар.

Тақдимот давомида юртимиз ва ислом оламидаги машҳур уламоларнинг асар ҳақидаги мулоҳазалари акс этган видеоролик намойиши ҳам тақдим этилди.

Фарғона вилояти вакиллиги Ахборот хизмати

1345 марта ўқилди

Янгиликлар

Top