Ўзбекистон янгиликлари

2 ноябрдан –10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича долзарб 40 кунлик эълон қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича қуйидаги янги ташкилий тизим жорий қилиниши маълум қилинди.

Бунда ҳар бир ташкилот, ҳар бир фуқаро ўз ўрнини топиши кераклиги қайд этилди.

Мисол учун, Гулистон шаҳрида:

- 15 километр умумий фойдаланишдаги йўл бўйларида 200 минг туп дарахт ва буталар ҳудудий автомобиль йўллари ташкилоти;

- 56 та боғча, мактаб, коллеж, олийгоҳ ва тиббиёт муассасалари ҳудудида 300 минг туп дарахт ва буталар ушбу ижтимоий соҳа ташкилотлари;

- 19 та маҳалла ҳудудидаги гузарлар, ички кўчалар ва аҳоли хонадонларида 220 гектар майдонда маҳаллалар, фермерлар кенгаши ва ободонлаштириш бўлимлари томонидан ноябрь ойининг ўзида 500 минг туп дарахт ва бута экиш имконияти борлиги айтилди.

Ушбу экиш ишларини тўғри ташкил қилиш учун биринчи навбатда мавжуд ва янгидан барпо этиладиган яшил майдонлар ҳудудининг эгаси туман (шаҳар) ҳокими қарори билан белгилаб берилади. (амалда ушбу майдонлар эгаси аниқ бўлмагани сабабли, дарахт экилгани билан уни парваришлаш, суғориш ишлари олиб борилмаяпти)

Бириктирилган масъуллар мавжуд дарахтларни парваришлаш билан бирга, ушбу ҳудудни обод ҳолда сақлаш учун ҳам жавоб беради. Бу ишларга Гулистон шаҳрининг маҳаллий бюджетидан ҳар йили 2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 200 минг туп кўчат ва 4 мингта ёритиш мосламаси сотиб олиш ҳамда ҳордиқ чиқаришга зарур инфратузилма яратиш учун сарфланади. Шунингдек, ободонлаштириш бўлимига 6 та махсус техника олиб берилади, 50 километрдан зиёд суғориш тармоқлари барпо этилади.

Бундан буён экология, дарахт экиш ва парваришлаш масалаларига шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари масъул бўлади ҳамда унинг лавозими номи ва вазифалари ўзгартирилади.

Ушбу ишларни ташкил қилиш орқали Гулистон шаҳрида 102 минг нафар аҳоли учун 300 гектар яшил майдонлар барпо этилади.

Умуман, Гулистон шаҳри мисолида кўрсатиб берилган янги тизимни йил якунига қадар барча туман ва шаҳарларда йўлга қўйган ҳолда, ноябрь ойида 75 миллион туп, келгуси йил баҳор ойларида 125 миллион туп дарахт ва буталар экилишини ташкил этиш зарур. Шу мақсадда бугундан бошлаб 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича долзарб 40 кунлик эълон қилинди.

ЎзА

1706 марта ўқилди

Янгиликлар

Top