Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: Навоийда янги масжид очилди!

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, юртимиздаги масжидлар сони яна биттага кўпайди. Бугун Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида "Жўра Хатиб бобо" номли янги жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят бош имом-хатиби Тоҳир домла Рўзиев, Навбаҳор тумани ҳокими Л.Облоқулов, туман бош имом-хатиби Ф.Тошев ва маҳалла фуқаролари, нуроний отахонлар қатнашди.

Навоий аҳли ушбу янги масжидда илк жума намозини адо этдилар. Янги қурилган жоме барча намозхонларнинг қалбига чексиз қувонч, ўзгача кўтаринки хурсандчилик бағишлади.

Замонавий дизайн ва миллий услуб уйғунлигида бунёд этилган муҳташам масжидда мўмин-мусулмонлар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Айниқса, масжид хонақоҳи ёруғ ва кенг, таҳоратхонаси эса шинам ва барча қулайликларга эга. Жоме 500 дан ортиқ намозхонни сиғдира олади.

Масжид хонақоҳи ўртасидаги гумбазнинг ички тарафи анъанавий нақшлар билан безатилган ҳамда Қуръони каримнинг учдан бирига тенг "Ихлос" сураси битилган. Меҳробнинг атрофига "Оятул Курси", ўнг томонига "Аллоҳ", чап томонига эса "Муҳаммад" лафзи туширилган.

Маълумот учун, эндиликда юртимиздаги масжидлар сони 2099 тага, Навоий вилоятидаги масжидлар сони эса 81 тага етди.

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

 

1742 марта ўқилди

Янгиликлар

Top