Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёевга Президентлик гувоҳномаси топширилди

Тошкентдаги Олий Мажлис Сенатининг янги биносида Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимига киришиш тантанасига бағишланган маросим бўлиб ўтмоқда.

Тантанали йиғилишда Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар, Ҳукумат аъзолари, ижроия ва суд ҳокимияти органлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар элчилари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамхўжаев сўзга чиқди.

Маълумки, жорий йил 24 октябрь куни мамлакатимизда муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди.

Сайлов жараёнида элликка яқин давлат ва йигирмага яқин халқаро ташкилотдан қарийб минг нафар хорижий, сиёсий партиялар ва маҳаллалардан 64 минг 450 нафар миллий кузатувчи қатнашди.

Муҳим сиёсий жараённи мамлакатимиз ва хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари, интернет нашрларининг 1 минг 672 нафар вакили кенг ёритиб, сайловнинг очиқ-ошкоралигини таъминлашга катта ҳисса қўшди.

Сайловда 20 миллиондан ортиқ  сайловчидан 16 миллиондан зиёди ёки 80,4 фоизи ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин ифода этиб, овоз берди.

Бу билан фуқароларимиз ўзларининг юксак сиёсий фаоллигини, Ватанимиз тақдирига даҳлдорлик туйғуси юксалиб бораётганини ва Янги Ўзбекистон келажагига бефарқ эмасликларини яққол намойиш этди.

Сайлов якунлари бўйича сайловчиларнинг 80,12 фоиз овози билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 29 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисида сайлов натижалари кўриб чиқилди ва Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайлангани тўғрисида қарор қабул қилинди.

Йиғилишда Зайниддин Низомхўжаев Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани билан самимий муборакбод этди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон Республикаси Президентининг гувоҳномасини топширди.

Тантана иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни гулдурос қарсаклар билан олқишлади.

Матназар Элмуродов,

ЎзА

1435 марта ўқилди

Янгиликлар

Top