Ўзбекистон янгиликлари

Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси раҳбари Ўзбекистонга келади
Мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонаси ходимлари Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси бош имоми Ли Жу Хва (Aбдулраҳмон Ли) билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашув чоғида Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва Жанубий Кореядан мамлакатимизга зиёрат туризми йўналиши бўйича сайёҳларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Ли Жу Хва Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясидаги алоҳида ўрнини қайд этиб, Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбандий, Ҳаким Термизий, Aбу Мансур Мотурудий каби исломшунос олимлар ва мутафаккирлар томонидан яратилган буюк меърос кўплаб хорижий мутахассислар ва мусулмон жамоатчилиги эътиборини қозонганини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда шу кунгача сақланиб қолган улуғ аждодларнинг қадамжолари, мақбаралар ва музейлар дунёнинг турли бурчакларидан кўплаб мусулмон зиёратчиларни ўзига жалб қилади.

Ли Жу Хванинг қайд этишича, Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси нисбатан янги ташкилот бўлиб, ислом маданияти марказларидан бири ҳисобланган Ўзбекистоннинг бой илмий ва маданий салоҳиятини ўрганишга қизиқиш жуда ҳам катта.

Шу мақсадда федерация раҳбарияти Ўзбекистонга сафар қилиш, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий номидаги илмий тадқиқот маркази, бошқа ташкилот ва муассасасалар билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш истагини билдирди.

Бундан ташқари, Жанубий Корея мусулмонлар федерацияси раҳбарияти Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларининг зиёрат туризми масканлари билан яқиндан танишиб, ташриф якунларига бўйича юртимиз салоҳиятини Жанубий Корея мусулмонлари орасида кенг тарғиб қилиш ва Ўзбекистонга бораётган сайёҳлар сонининг ошишига ҳисса қўшишни мақсад қилган.

Мулоқот чоғида Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси раҳбариятининг Ўзбекистонга сафарини 2022 йилнинг январь ойида ташкил этиш бўйича келишиб олинди.

 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
1507 марта ўқилди

Янгиликлар

Top