Ўзбекистон янгиликлари

Умар Салим: Юртингиз уламолари араб ва Ислом дунёси фахри ҳисобланишади

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансурбек Қиличев ушбу мамлакат ташқи ишлар вазирининг икки томонлама маданий ҳамкорлик масалалари бўйича ўринбосари Умар Салим билан учрашди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.


Ваколатхона раҳбари суҳбат бошида У.Салимни ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинлангани билан табриклаб, масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилади.


Суҳбатдош икки дўст мамлакат халқларига хос бўлган тарихий ва диний-маъриий қадриятларнинг муштараклиги ҳамда урф-одатларнинг яқинлиги ўзаро манфаатли муносабатларнинг мустаҳкам пойдевори сифатида хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.


Миср Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланаётган муҳим давлат сифатида билиши, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг 2018 йилнинг кузида Тошкентга қилган тарихий ташрифи ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралари икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлагани, мазкур ташриф доирасида Ўзбекистон-Миср ҳамкорлигининг турли йўналишларини акс эттирувчи 10 дан ортиқ ҳужжат имзолангани урғуланди.


Мулоқот кун тартибидан туризм, маданият, таълим, илм-фан, спорт ва дин соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам жой олди.
Ислом меросини ўрганиш доирасида Миср илмий муассасалари ҳамда Самарқанддаги Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ва Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришдан манфаатдорлик тасдиқланди.


Ўзбекистон ва Мисрда маънавий-тарихий меросни асраб-авайлаш, жамиятда маърифатли ва бағрикенг исломни илгари суриш борасидаги позициялар ўхшашлигига алоҳида эътибор қаратилди.


Умар Салим БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари уюшмаси-Марказий Осиё иқтисодий форуми каби халқаро ташкилотлар доирасидаги алоқаларни ижобий баҳолади.


Халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида турли масалалар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ўзаро мавқе
ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш амалиётини фаол давом эттиришдан ўзаро манфаатдорлик таъкидланди.


Суҳбатдош қадимда Моварауннаҳр номи билан танилган замонавий Ўзбекистон замини Миср сингари кўпминг йиллик давлатчилик тарихига эга дунё тамаддуни марказларидан бири ҳисобланишини алоҳида таъкидлади.


Ўзбек заминида таваллуд топган Имом Бухорий, Имом Термизий, Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Хоразмий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Фаробий, Аҳмад Фарғоний, Замахшарий каби буюк уламолар, олимлар, файласуфлар Ислом цивилизацияси тараққиётига, қолаверса жаҳон илму фани ривожига беқиёс ҳисса қўшгани араб ва ислом дунёси фахри ҳисобланишини қайд этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1607 марта ўқилди

Янгиликлар

Top