Ўзбекистон янгиликлари

Таъсирли суҳбатлардан намозхонлар мамнун бўлмоқда

Хабар берганимиздек, Тошкент шаҳридаги бир гуруҳ таниқли имом-хатиблар пойтахтимиз масжидларига ташриф буюриб, кундалик намозларини жамоат билан бирга адо этгандан сўнг мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбат қилиб беришмоқда. Уламоларимизнинг мавъизаси файзидан баҳраманд бўлган намозхонлар ниҳоятда хурсанд бўлишмоқда.

Ана шундай учрашувлардан бири бугун, 11 ноябрь куни Шайхонтоҳур туманидаги “Шайх Зайниддин” масжидида бўлди. Сабаби ушбу жомеда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов намозхонлар билан елкама-елка ибодатларни адо этди, сўнгра масжид қавми ва меҳмонларига ажойиб маъруза қилиб берди.

Иброҳимжон домла Иномов суҳбатлари аввалида уламоларнинг масжидларга ташрифлари боиси мўмин-мусулмон халқимизнинг илмини ошириш, уларни юртимиз ва соҳага оид сўнгги янгиликлардан хабардор қилиш эканини баён этди. Кейин эса ҳар ким ўзига Аллоҳ таоло берган неъматларнинг қадрига етиши кераклиги, киши мол-давлатда ўзидан пастдагиларга, илму маърифатда ўзидан юқоридагиларга қараши лозимлигини таъкидлади.

Маърифий суҳбат давомида Иброҳимжон домла намозхонларга фарзанд тарбиясига жиддий аҳамият бериш зарурлиги, ҳар ким эккан ниҳолининг ҳосилини кўришини айтди. Айниқса, ёшларни турли ёт оқимларга кириб қолишидан эҳтиёт бўлиш, бунинг учун доимо уларни назорат қилиб, уларга керакли илм ва тарбия бериши, аввало юртимиз уламо ва зиёлиларининг китобларини ўқитиш кераклигини айтиб ўтди. Ўз навбатида ёшларга ота-онанинг қадрига етиш кераклиги, улар ҳаётимиздаги энг яқин кишилар экани, дунёю охиратимиз, фарзандларимизнинг бизга муносабати ота-онамизга қилган муомаламизга боғлиқлигини тушунтириб берди.

Таъсирли ва мазмунли суҳбатдан намозхонлар ўзларига кўплаб фойдалар олди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1504 марта ўқилди

Янгиликлар

Top