Ўзбекистон янгиликлари

Бағрикенглик – давлат ривожланиши ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим омили

Бугун биз коронавирус пандемиясининг инқирозли оқибатлари миллатлараро зиддият ва конфессиялараро муносабатларнинг кескинлашувига олиб келаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

АҚШнинг Пью тадқиқот маркази маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг аксарияти яшайдиган 50 дан ортиқ мамлакатларда инсонлар бир-бирларига муросасиз муносабатда бўлиши ёки алоҳида этник гуруҳларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан жиддий чекловлар ўрнатилишига дуч келмоқда. Айниқса, инсонлар муайян давлатда ҳарбий ҳаракатларнинг оқибатларидан азият чекмоқда. Этник келиб чиқиши, бирор динга эътиқод қилиш ёки қилмаслиги сабабли таъқиблар, жазолаш, камситиш жуда кўп инсонлар учун кунлик тартибий ҳолатга айланмоқда. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари қонунчилигида ва халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойилининг мустаҳкамланганлигига қарамай, ушбу хуққуқий меъёр дунёнинг айрим ҳудудларида чеклашлар, бузилишлар ва амал қилмасликка олиб келмоқда. Шу боис жамиятларда бағрикенглик (толерантлик)ни таъминлаш жаҳон ҳамжамиятининг жамоавий масъулияти бўлиб қолмоқда.

Ҳар йили 16 ноябрь куни жаҳонда халқаро бағрикенглик (толерантлик) куни сифатида нишонланади. Шу куни 1995 йилда Бирлашган Миллатлар ташкилоти (БМТ)нинг маориф, фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ихтисослашган муассасаси – ЮНЕСКОга аъзо давлатлар “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”ни қабул қилишди. Ушбу ҳужжатга кўра, бағрикенглик сиёсий-ҳуқуқий эҳтиёж бўлиб, у инсон ҳуқуқлари, плюрализм, демократия ва қонун устуворлиги таъминланишига хизмат қилади. Шунингдек, ҳар бир инсон ўз эътиқодига риоя қилиши ва бошқаларнинг ҳам бундай ҳуқуқини тан олган ҳолда, ўз қарашларини ўзгаларга мажбурий синдиришга йўл қўймаслиги белгиланган.
Ўз навбатида, БМТ халқаро ҳамжамиятни, зарурат бўлган тақдирда, жамиятлардаги барча этник гуруҳ ва шахсларга тенг имкониятларни яратиш ва таъминлаш мақсадида миллий қонунчиликни ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришга чақирди. 1996 йилда Бош Ассамблея БМТга аъзо давлатларга 16 ноябрни ҳар йили нишонлашни ва кенг жамоатчиликка қаратилган тадбирларни ўтказишни таклиф қилди.

Зўравонликка қарши курашиш ва бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб қилиш мақсадида ЮНЕСКО ҳиндистонлик рассом, ёзувчи ва дипломат ҳамда мазкур ташкилотнинг яхши ният элчиси бўлган Маданжит Сингх (1924-2013) номи билан аталган мукофотни жорий этди. Мукофот 1995 йилда таъсис этилган бўлиб, у ҳар икки йилда бир маротаба зўравонликка қарши кураш ва бағрикенгликни тарғиб қилишда муҳим ҳисса қўшган шахсларга ва самарали фаолият олиб бораётган муассасалар ҳамда ташкилотларга берилади.

2016 йилда ушбу мукофот турли диний конфессиялар ўртасидаги мулоқотни рағбатлантиришга қаратилган илмий ва ўқув дастурларини ишлаб чиққан психология ва толерантлик педагогикаси соҳасида фаолият юритувчи Россия федерал илмий-услубий марказига топширилди. 2018 йилда мукофот бағрикенглик ғояси тарғиботи учун канадалик режиссёр Манон Барбеау ва ННТ “Бирга яшаш ташаббуси” (Кения)га берилган бўлса, 2020 йилда Конго демократик республикасининг Можароларни бартараф қилиш маркази жангарилар сафига ёлланган бола-аскарларни қутқариш учун ва уларни ўз жамоаларига реинтеграция йўналишида олиб борган ишлари учун мукофотга лойиқ топилди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси ҳам мамлакатда яшаётган турли маданият ва миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни чуқурлаштириш орқали жамиятда бағрикенгликни таъминлаш ва мустаҳкамлашга эътибор бериб келмоқда. Бу тамойиллар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосини ташкил этиб, ирқи, миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашга қаратилган миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган.

Конституциявий кафолатлар мамлакатимизнинг барча фуқароларига ўз истак-ҳоҳишларини, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида иштирок этиш учун тенг шароит ва имкониятлар яратиб беради. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро ва динлараро тотувликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсати Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг асосий принципларига тўла мос келади.

Ушбу соҳадаги Ўзбекистон сиёсатининг устувор тамойиллари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, хавфсизликни таъминлаш, динлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш ҳисобланади. Мазкур жиҳатлар мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз аксини топган.

Инсон ҳуқуқлари – инсон ҳуқуқларининг барча категориялари – таклиф этилаётган ислоҳотларнинг замини бўлиб хизмат этувчи кенг кўламли стратегик ҳужжат, яъни Президент томонидан илгари сурилаётган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган барча бешта устувор йўналишда муҳим ўрин эгаллайди.
Стратегияга мувофиқ, мамлакатда ижтимоий ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш Ўзбекистоннинг замонавий давлат сифатида ривожланишининг ажралмас қисмидир. Хусусан, сўнгги йилларда, давлат қурилиши, миллатлараро тотувлик, виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида 50 дан қонун ҳужжатлари ва 40 га яқин қарорлар қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатларнинг аксарияти диний эътиқоти ёки миллатидан қатъий назар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш, жумладан, жамият ва давлат ишларини бошқаришда фаол иштирок этишга қаратилгандир.

2017 йил 19 майдаги Президентимизнинг тегишли Фармони билан Ўзбекистон амалиётида биринчи марта Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси – миллатлараро муносабатлар соҳасида ягона сиёсатни амалга оширишни мувофиқлаштирувчи давлат бошқаруви органи ташкил этилди. Шунингдек, 2019 йилда жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини шакллантиришга йўналтирилган миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқланди. Шунингдек, давлат идораларининг диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаларини мувофиқлаштирувчи Дин ишлари бўйича қўмита фаолияти ҳам такомиллаштирилди.
Ҳозирги кунда юқорида қайд этилган давлат муассасалари мамлакатда бағрикенглик, миллатлараро ва динлараро тотувликни таъминлаш соҳасида ўзларининг катта ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлашда миллатлараро омил катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон ҳудудида тарихан турли маданиятлар, эътиқод, цивилизациялар, халқлар ва этник гуруҳ вакиллари дўстлик ва яхши қўшничиликда яшаганлар. Ўзбекистон тарихининг энг оғир даврларида ҳам турли диний конфессия вакиллари ўртасида диний зиддиятлар бўлмаган. Турли халқларнинг тинч-тотув яшашига асосан, қадимдан минтақа аҳолисига хос бўлган, миллати ва динидан қатъий назар, ўзаро ҳурмат, хушмуомалалик, меҳмондўстлик ва самимийлик каби ҳислатлар имкон берган. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бу фазилатлар ва анъаналарнинг узлуксизлиги жамиятимизда бағрикенгликни таъминлашда муҳимдир.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилмоқда, 138 миллий маданият марказлари ва 34 дўстлик жамиятлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг фаолияти Ўзбекистонда яшаётган барча халқлар ва этник диаспораларнинг тарихини ҳурмат қилиш ва маданий-маънавий қадриятларини, миллий анъана ва урф-одатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланади.

Шу билан бирга, айни пайтда Ўзбекистонда 2300 дан ортиқ диний ташкилот ва 16 та диний конфессия фаолият юритиб келмоқда. Жумладан, улар қаторига, мусулмонлар, христианлар, католиклар, яҳудийлар, будда ибодатхонаси, бахоийлик ва кришначилар жамиятларини киритишимиз мумкин.

Мамлакатнинг ҳар қандай ҳудудида турли этник гуруҳлар ва дин вакиллари тинч ва дўстона яшайдиган маҳаллалар мавжуд. Улар биргаликда миллий байрамларни нишонлайдилар, бир-бирларига ёрдам берадилар ва қўллаб-қувватлайдилар. Шундай қилиб, маданиятларнинг ўзаро бойиши турли миллат ва дин вакилларининг маълум бир ҳудудларда рўй беради, бу эса жамиятда бағрикенгликни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

Умуман олганда, дунёда миллий-этник муносабатлар тобора мураккаблашиб бораётган бир пайтда, ҳатто энг ривожланган мамлакатларда ҳам оз сонли миллат вакилларини камситиш ва уларга зулм ўтказиш биринчи ўринга чиқаётган бир пайтда, Ўзбекистондаги миллатлараро ва динлараро бағрикенгликни таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ишларни ҳеч муболағасиз ёрқин наъмуна сифатида қабул қилиш мумкин. Ўзбекистон халқларининг асрлар давомида шаклланган ҳаёт йўли жамият барқарорлиги ва давлат тараққиётини таъминлашда халқлар ва динлараро бағрикенглик мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Сатторов Самариддин,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими

1722 марта ўқилди

Янгиликлар

Top