Ўзбекистон янгиликлари

«Яшил макон»: Сурхондарёдаги зиёратгоҳлар атрофига арча кўчатлари ўтқазилди

Туризм ва спорт вазирлигининг Зиёрат туризмини ривожлантириш департаменти ҳамда Сурхондарё вилоят Туризм ва спорт Бош бошқармаси ташаббуси билан биргаликда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жойлашган зиёрат объектлари ҳудудида 40 дан ортиқ арча кўчати ўтказилди.

Бу борада 2-ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишда аниқ вазифалар белгилаб олинган. Шунингдек, 10-декабрга қадар дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» эълон қилинган.

Давлат раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган. Бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, дарахт экишни давлат сиёсати даражасига кўтарилиши ушбу лойиҳада белгиланган вазифаларни пухта тайёргарлик билан бажаришни тақозо этади.

Биринчи навбатда, мавжуд ва янгидан барпо этиладиган яшил майдонларга туман ёки шаҳар ҳокими томонидан тайинланган мутасадди дарахтларни парваришлаш билан бирга, ушбу ҳудудни обод сақлашга ҳам масъул ҳисобланади.

"Зиёратгоҳларда ташриф буюрувчилар сонини оширишнинг асосий йўлларидан бири бу- зиёратгоҳлар атрофини ободонлаштириш, зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратишдир. Шу ўринда кўчатлар ўтқазиш атроф-муҳит ландшафтининг ривожланишига, пировадида эса туристлар сони ошишига хизмат қилади",- дейди Зиёрат туризми департаменти директори Ж.Сайидов.

Таъкидлаш жоизки, зиёрат туризмини ривожлантириш департаменти томонидан Сурхондарё вилоятидаги Зиёрат туризми ҳамда маданий мерос объектларида маҳаллий ва хорижий туристлар учун яратилган имкониятлар ҳамда зиёратчилар сонини ошириш юзасидан аниқ таклифлар тайёрлаш мақсадида мониторинг ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1850 марта ўқилди

Янгиликлар

Top