Ўзбекистон янгиликлари

Куала- Лумпурда Ўзбекистон ва Малайзия олимларининг китоби тақдимоти ўтказилди

Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонасида меъморий шаклларни уйғунлаштириш масалаларига бағишланган китобнинг (Uralov A.S., Elina Mohd Husini. Harmonization, Decoration of Architectural Forms and Light. – USIM Press, 2021) тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур китоб Самарқанд давлат архитектура институти профессори Актам Ўролов ва Малайзия Ислом илмий университети (Universiti Sains Islam Malaysia – USIM) профессори Элина Моҳд Ҳусини томонидан тайёрланган ва USIM Press нашриёти билан ҳамкорликда чоп этилган.

1998 йилда ташкил этилган USIM давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Университетнинг таълим модели диний фанларни дунёвий фанлар билан интеграциялаш тамойилига асосланган.

Элчихонада гибрид форматда ташкил этилган тақдимотда USIM маркази директори Моҳд Зин Кандар, профессор ва ўқитувчилар иштирок этди.

Самарқанд давлат архитектура институти билан телеконференция ташкил этилди.

Онлайн-тадбирда институт ректори Чидем Жанбай Туркйилмаз ва олий билим юрти ўқитувчилари қатнашди.

Китоб турли асрлар меъморчилиги назарияси, тарихи ва амалиётига бағишланган. Нашрда Ўзбекистон ва Марказий Осиё меъморчилиги ва тасвирий санъатида шакллар уйғунлиги ва мутаносиблик назариясига алоҳида эътибор қаратилган.

Рисола меъморлар, санъатшунослар ва кенг китобхонларга мўлжалланган бўлиб, бакалавр ва магистратура дастурлари талабалари учун дарслик сифатида тавсия этилган.

Тақдимотда малайзиялик тингловчиларга Ислом цивилизациясининг бой маданий меросини, республикамизда кўп асрлик меъморий анъаналарини ўрганиш ва оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берилди.

Томонлар 2019 йилда олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида профессор-ўқитувчиларнинг лектор сифатида ўзаро ташрифларини ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилганини мамнуният билан қайд этди.

Тадбир якунида ислом меросини биргаликда илмий тадқиқ этиш, халқаро конференциялар, семинарлар ва маърузалар ташкил этиш, Ўзбекистон ва Малайзия нашрларида илмий материаллар нашр этиш, шунингдек, ҳамкорликда таълим дастурларини йўлга қўйиш имкониятларини ўрганиш бўйича университетлараро амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1397 марта ўқилди

Янгиликлар

Top