Ўзбекистон янгиликлари

«Ал-Азҳар» диний мажмуасида Ўзбекистон миллий маданияти тақдимоти ўтказилди

Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси иштирокида Мисрнинг «Ал-Азҳар» диний мажмуасида таҳсил олаётган ўзбекистонлик хотин-қизлар томонидан мамлакатимиз Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан халқимиз миллий урф-одатлари ва таомларини намойиш этувчи маданий тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Ушбу маросимда «Ал-Азҳар» диний мажмуаси раҳбарияти, муассасада таҳсил олаётган Малайзия, Индонезия, Нигерия ва бошқа қатор давлатлардан талаба хотин-қизлар қатнашди.

Тадбир аввалида ўзбек аёллари фаоли Муқаддас Ҳайдарова Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан мамлакатимиз разми ва унинг тарихи ҳақида йиғилганларга батафсил маълумот берди.

Юртдошларимиз томонидан тайёрланган миллий урф-одатларимиз, хусусан, ўзбек келинлари тарбияси, оила одоби тўғрисидаги саҳна чиқишлари меҳмонларга манзур бўлди.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Хоразмий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби буюк алломаларни тарбиялаб вояга етказган ўзбек аёлларининг оиладаги ўрни ва қадри хорижликлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.
Айниқса, мисрлик ва бошқа юрт вакиллари ўзбек миллий пазандачилигига юқори баҳо бериб, палов, сомса, қатлама ва бошқа лаззатли таомларни тайёрлаш сирларидан воқиф бўлди.

«Ал-Азҳар» раҳбарияти келгусида бу каби тадбирларни мунтазам ўтказиш, ўзбек халқи маданияти ва урф-одатларини кенг ёйиш орқали турли миллатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини изҳор этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1675 марта ўқилди

Янгиликлар

Top