Ўзбекистон янгиликлари

Таниқли уламоларнинг диссертация ҳимояси муваффақиятли ўтди

Бугун, 30 ноябрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги илмий даражалар берувчи Илмий кенгашда “Жўйбори Калон” мадрасаси мудири, Мир Араб олий мадрасаси катта ўқитувчиси ва Бухоро вилояти “Чор Бакр” жоме масжиди имом-хатиби Aзизхўжа домла Иноятов ҳамда Тошкент ислом институти кафедра мудири Соатмурот домла Примовларнинг Исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун диссертация ҳимояси муваффақиятли ўтди.

Азизхўжа домла Иноятовнинг “Имом Бухорийнинг “Ал-Жоме ас-саҳиҳ” асаридаги тафсир илмига оид қарашлари” мавзусидаги тадқиқоти Илмий кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан 100 фоиз қўллаб-қувватланди.

Соатмурот домла Примовнинг ҳам “Абу Шакур Кеший “Тамҳид” асарининг мотуридия таълимоти ривожида тутган ўрни” мавзусидаги тадқиқот иши Кенгашнинг 18 нафар аъзосининг барчаси томонидан қўллаб-қувватланиб 100 фоизлик кўрсаткич берилди.

Таниқли уламоларнинг диссертация ҳимояси илмий доира вакиллари ва кенг жамоатчилик томонидан илмий йиғилишда ва масофадан туриб кузатиб борилди.

Айтиш жоизки, диссертация ҳимояси жуда мазмунли ва қизғин савол-жавобга бой бўлди.

Аллоҳ таоло уламоларимизга Исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини муборак айласин, соҳадаги тадқиқотчиларнинг ҳимояларини бардавом ва зиёда қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2255 марта ўқилди

Янгиликлар

Top