Ўзбекистон янгиликлари

Аллоҳ берган истеъдодлар кишиларни ҳайратга солди

Бугун, 1 декабрь куни «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» мажмуасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан имконияти чекланган юртдошларимизнинг "Қўл меҳнати маҳсулотлари ва ҳаттотлик" кўргазмаси ташкил этилди. Унда ЎМИ бўлим бошлиғи Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов, Диний идора масъул ходимлари Марямхон Абдуллаева ва Мунирахон Абубакирова ва бошқалар қатнашди.

“Сиз бизга доим кераксиз» шиори остида ўтган маросимда нотиқлар иштирокчиларга гўзал мавъиза қилиб бердилар. Кўргазма давомида имконияти чекланган кишилар тайёрлаган ҳар хил уй жиҳозлари, болалар учун ўйинчоқлар, қизчаларга чиройли соч турмаклари, махсус совғалар, қалпоқчалар, жойнамоз, лавҳ, тасбиҳлар, қўйингки, ўзлари тайёрлаб келган кўплаб маҳсулотлар савдоси ҳам бўлиб ўтди.

Кўргазмада имконияти чекланган юртдошларимиз ҳар қандай кишининг кўзини қувнатиши мумкин бўлган қўл меҳнати маҳсулотлари қатнашчиларни ҳайратга солди.

Дарҳақиқат, мўмин киши ҳалол ризқ топиш ҳаракатида бўлганда Аллоҳнинг амрига мувофиқ амал қилиши билан бирга Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига ҳам риоя қилаётган бўлади. Шунингдек, киши бировга муҳтож бўлмаслик учун меҳнат қилар экан, ўзининг инсонлик шарафини ҳам ҳимоя қилади. Зеро, ҳадиси шарифда марҳамат қилинади: “Киши ўз қўл меҳнати билан топганидан кўра яхшироқ ва покизароқ таом емайди” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Кўргазмада қатнашган юртдошларимиз имконияти чекланган азизларимизнинг кўплаб маҳсулотларини сотиб олишга ҳаракат қилишди.

Аллоҳ таоло хайрли ишларни бардавомли қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1326 марта ўқилди

Янгиликлар

Top