Ўзбекистон янгиликлари

Фаолият сарҳисоб қилинди

Йил давомида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш, келгусида бажарилиши зарур бўлган зарур юмушларнинг режасини тузиб олиш улкан муваффақиятларга гаров бўлади.

Бугун Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди мажлислар залида пойтахтимиз отинойиларининг 2021 йил фаолияти сарҳисобига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишдан аввал тадбир иштирокчилари Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қабрларини зиёрат қилишди. Қуръони карим оятларидан тиловат қилиниб, улуғлар руҳониятига бахшида этилди.

Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий, шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо Соатова, шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда отинойилар иштирок этди.

Йиғилиш, одатдагидек, Қуръони карим тиловати билан бошланди.

Дастлаб Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо Соатованинг 2021 йил фаолият сарҳисоби тингланди.

– 2021 йил барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам қатор хайрли ишлар амалга оширилди, – дейди З.Соатова. – Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида пойтахтимиздаги 161 нафар отинойи ва тарғибот гуруҳлари аъзолари иштирокида хотин-қизлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, аёлларнинг аҳволини ўрганиш, уларни турли маънавий хуружлардан асраш, эрта турмуш ҳамда оилавий ажримларнинг олдини олиш юзасидан 2728 марта тадбирлар ўтказилди.

Ҳисобот даврида 962 марта “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Маънавиятли аёл” ва “Илмдан бошқа нажот йўқ” каби мавзуларда тадбирлар ўтказилди. Шунингдек, турли носоғлом ғоялар таъсирига тушиб, жазо муддатини ўтаб чиққан ва афв этилган хотин-қизлар, уларнинг оила аъзолари билан 1285 марта профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Муқаддас динимизга ёт турли бидъат-хурофотларнинг авж олаётгани, иллатларнинг илдиз отаётгани ҳар бир мўмин-мусулмон кишини ўйга толдиради. Бундай нохуш ҳолатларни баратаф этиш, табиийки, бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, фолбинлик, азайимхонлик, мушкулкушод, сафар ойидан шумланиш, қабристонларда бидъат амаллар қилиш, тўй-маросимлардаги бидъат-хурофотларга қарши курашиш жуда муҳим.

Шу мақсадда отинойилар иштирокида ўтган давр мобайнида жами 212 марта турли тадбирлар ўтказилди. Аёл-қизлар ўртасида ақиқа, мавлуд, эҳсон,  дафн каби маросимларда жами 2974 марта тушунтириш ишлари олиб борилди.  

Мамлакатимизда аҳолининг кам таъминланган қатламига кўрсатилаётган моддий ёрдам динимиз таълимотига ҳамоҳангдир. Чунончи, отинойилар имконияти чекланган шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш ва маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилаларга 19.700.000 сўм маблағ, озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат хайрия ёрдамлари кўрсатилди.

Халқимиз ҳар гал дуога қўл кўтарганида бежиз: “Ўт, сув, туҳмат балосидан асрасин!” демаган. Чунки бу балолар инсонни ҳузур-ҳаловатидан айиради, хотиржалигидан мосуво қилади. Шаҳар бош отинойиси бошчилигида Шайхонтоҳур тумани “Самарқанд дарвоза” маҳалласида уйи ёниб кетган оилага 7.760.000 сўм миқдорида озиқ-овқат, кўрпа-тўшак ва кийим-кечакдан иборат моддий ёрдам берилди.

Бугун отинойилар ҳар қачонгидан ҳам фаол, ташаббускор. Улар кўнгли ўксик инсонларга меҳр-мурувват кўрсатишда кўпга ибрат бўлишмоқда. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва кўрсатмаси асосида Яқин Шарқ мамлакатларидан “Меҳр 1”, “Меҳр 2”, “Меҳр 3”, “Меҳр 4”, “Меҳр 5” операциялари доирасида юртимизга олиб келинган ёш болалар ва аёлларни маънан ва руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 44 марта суҳбатлар уюштирилди...

 Тадбир давомида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳазратлари “Исломда аёлнинг ўрни” мавзусида гўзал мавъиза қилиб бердилар.

Тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор Юнусов мувофиқлаштириб борди.

Йиғилиш сўнгида фаол ва ташаббускор отинойилар мақтов ёрлиқлари ҳамда ҳадялар билан тақдирланди.

Хайрли дуолар, эзгу тилаклар билан тадбир ўз ниҳоясига етди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент шаҳар вакиллиги

Матбуот хизмати

1115 марта ўқилди

Янгиликлар

Top