Ўзбекистон янгиликлари

Имомлар фаолиятидан: Кўзларга қувонч, дилларга сурур улашилмоқда

Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги "Омина" масжиди имом-хатиби Юсуфхон домла Муҳиддинов бошчилигида бир қанча саховатпеша инсонлар вилоят ва туман бош имом-хатиблари Юртимиз бўйлаб ҳақдор кишилар: боқувчисини йўқотган, чин етими бор, ёрдамга муҳтож ночор оилаларни топиб, уларга пул ва рўзғор маҳсулотларини етказиб бериш хайрия тадбирини бошлашди.

Шу кунга қадар Андижон, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларидаги 450 га яқин боқувчисини йўқотган, чин етими бор, ёрдамга муҳтож ночор оилаларнинг ҳар бирига икки миллон сумдан зиёд пул ва гўшт маҳсулоти хайрия сифатида улашилди.

Ушбу хайрия тадбири Бухоро вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари давом эттириш режа қилинган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: «Ким яхшилик қилса, унга ундан кўра яхшироқ мукофот бўлур ҳамда улар ўша куннинг даҳшатидан омондадирлар» (“Намл”, 89). Албатта, қилинган яхшилик ва кўзланган мақсадларнинг энг аълоси Аллоҳ таоло розилиги учун бўлганидир.

Бир мусулмонниг қалбига хурсандчилик киритиш мақталган амаллардан. Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолонинг наздида амалларнинг энг суюклиси мусулмоннинг қалбига киритган ҳурсандчилигингдир ёки ундан бирор мусибатни аритишингдир ёки унинг қарзини узишингдир ёки очлигини кетказишингдир. Менинг бир биродаримнинг ҳожатида юришим мен учун шу (Мадинаи мунавварадаги) масжидимда бир ой эътикоф ўтиришимдан яхшироқдир..." (Ибн Абу Дунё ва Тобароний ривояти).

Болалар кўзидаги қувонч, ўксик диллардаги сурур, қалб тўридан отилиб чиққан дуолар, ижобат бўлажак, иншааллоҳ. Саҳоватпеша инсонларнинг хайрли ишлари давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1057 марта ўқилди

Янгиликлар

Top