Ўзбекистон янгиликлари

Малайзия мутахассислари Ўзбекистонда ҳалол сертификат бериш марказини ташкил этмоқчи

Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Малайзия Менежмент ва фан университети (Management and Science University of Malaysia – MSU) асосчиси ва Президенти Моҳд Шукри билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё"ахборот агентлиги.

2001 йилда ташкил этилган MSU таълим менежменти, туризм, маркетинг, бизнес бошқаруви каби турли соҳа ва мутахассисликлар бўйича олий таълим берувчи етакчи Малайзия хусусий университетларидан биридир. Университет туризм ва меҳмондўстлик соҳасида Малайзия университетлари орасида 1-ўринда туради.

Бундан ташқари, MSU турли касалликларга чалинган беморларни даволаш учун "MSU Medical Centre" ўз кўп тармоқли тиббиёт маркази бор. Университетда қўлқоп маҳсулотлари ишлаб чиқариш, дори-дармон ва озиқ-овқат қўшимчаларини ишлаб чиқариш ва қадоқлаш, шунингдек, ҳалол саноатни тадқиқ этиш ва малакасини ошириш бўйича ихтисослаштирилган марказ фаолият кўрсатмоқда.

Музокаралар чоғида MSUнинг Ўзбекистонда ҳалол сертификат бериш маркази ва/ёки лабораториясини яратиш ниятлари ҳақида ҳам хабар берилди. Малайзия томонининг сўзларига кўра, бу ўзбекистонлик озиқ-овқат маҳсулотлари экспортчилари учун мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Жануби-Шарқий Осиё давлатларига етказиб бериш ҳажмини ошириш учун ноёб имконият очади.

Учрашув якунлари бўйича MSU раҳбариятининг Ўзбекистонга яна бир ташрифини ташкил этиш бўйича юқорида қайд этилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича амалий ишларни бошлаш тартиби ва шартларини ўрганиш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2606 марта ўқилди

Янгиликлар

Top