Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: Масжидлар сони 2100 тага етди! Қорақалпоғистонда яна бир масжид ўз фаолиятини бошлади.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти хабарига кўра, Қорақалпоғистон Республикасида масжидлар сони биттага кўпайди. Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл тумани «Қос жап» овул фуқаролари йиғини ҳудудида «Атажан хўжа» жоме масжиди давлат рўйхотидан ўтказилиб, ўз фаолиятини бошлади.

«Қос жап» фуқаролар йиғини аҳолисининг истак ва мурожаатлари натижасида «Атажан хўжа» жоме масжидига Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги масжид гувоҳномасини топширди.

52 мингдан зиёд аҳоли сонига эга Қанликўл туманида бугунги кунгача битта масжид аҳолига хизмат кўрсатиб келди. У ҳам бўлса туман марказида бўлгани боис, кўпчилик айниқса, катта ёшдаги нуронийларнинг масжидга келиб кетишларида қийинчилик туғилар эди.

Масжид маҳаллий тадбиркор ва аҳолининг яқиндан берган кўмаги билан барча қўлайликларга эга шинам ҳолатда қуриб битказилди. Катта намозхонаси шарқ оймакорлик саънати билан безатилган. Масжид туман марказига 35 км, Нукус шаҳрига эса 55 км оралиқда жойлашган.

Президентимиз таъкидлаб ўтканидек масжид чин маънода маънавият ўчоғи сифатига хизмат қилади. Ушбу янгиликдан аҳолининг қувончи чексиз. Тиллари, қалблари шукроналикда, дуода. Аҳолининг кўп йиллик дуолари бугун ижобат бўлди.

Шунинг билан Қорақалпоғистон Республикасида масжидлар сони 57 га етди. Бундан олдинги 56-масжид эса Тахтакўпир тумани «Мулк» овул фуқаролари йиғинидан «Айимбет эшон» номи билан жорий йил август ойида иш бошлаган эди.

«Атажан хўжа» масжидининг очилиш маросимига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Р.Сапарбаев, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауатдинов, Қанликўл тумани ҳокими А.Ибрагимов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири С.Мамбетқадиров, туман нуронийлари ва «Қос жап» овули аҳолиси иштирок этди.

Янгидан иш бошлаётган масжидларимизни Аллоҳ таоло халқимизга муборак қилсин. Қиёмат кунигача мўмин-мусулмонлар учун хизмат қилишини насиб қилсин.

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
www.Muslim.uz 

1150 марта ўқилди

Янгиликлар

Top