Ўзбекистон янгиликлари

Академияга биринчи проректор тайинланди

Бугун, 14 декабрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Академия раҳбарияти ва жамоаси, диний-маърифий соҳа вакиллари, илмий-тадқиқот марказлари ва таълим муассасалари раҳбар ҳамда ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Академия матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Жасур Нажмиддинов қатнашди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг 2021 йил 11 декабрдаги 214-К-сонли буйруғига мувофиқ, Махсудов Давронбек Рустамович Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Диний-маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректор лавозимига 2021 йил 11 декабрдан тайинланганлиги ўқиб эшиттирилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваровнинг Академия жамоаси ҳамда тайинлов соҳибига йўллаган табриги етказилди.

Маълумот учун, бугунги кунга қадар Давронбек Махсудов Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори лавозимида ишлаб келаётган эди. Ўзининг меҳнат фаолиятида кўплаб самарали натижаларга эришган Д.Махсудов 1999-2003-йилларда Тошкент ислом университети (Ўзбекистон халқаро ислом академияси)ни тамомлаган. Турли йилларда қатор давлат ва жамоат ташкилотларида самарали меҳнат қилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ташкилий-кадрлар хизмати Миллатлараро муносабатлар масалалари ва дин ишлари бўйича сектори 2-тоифали иш юритувчиси, Тошкент ислом университети (Ўзбекистон халқаро ислом академияси) илмий котиби, Магистратура бўлими бошлиғи, кафедра мудири лавозимларида фаолият юритган.

Тадбирда сўзга чиққанлар Давронбек Махсудовни Диний-маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректор лавозимига тайинлангани билан табриклашди. Давронбек Махсудов мазкур лавозимга ўзининг юксак билим ва масъулияти билан ёндашиб, сидқидилдан бажаришига ишонч билдиришди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1195 марта ўқилди

Янгиликлар

Top