Ўзбекистон янгиликлари

Намангандаги Hi-Tech шаклида қурилган "Юсуфхон ўғли Қосимхон" жоме масжиди ҳақида нималар биласиз?

Наманган шаҳридаги "Афсоналар водийси" истироҳат боғи атрофида қад ростлаган "Юсуфхон ўғли Қосимхон" жоме масжиди 20 минг квадрат метр жойда қурилган. Унинг ҳовлисининг умумий майдони 4 гектарни ташкил этади. Шундан 2 гектари 700 ўринли автотураргоҳ учун мўлжалланган.

Ноодатий лойиҳа асосида бунёд этилган икки қаватли ушбу масжидда хонақоҳи, очиқ намозгоҳлари ва айвонларида бир вақтнинг ўзида 15 минг намозхон ибодат қилиши мумкин. Хонақоҳнинг ўзига 4,5 минг киши сиғади.

Шунингдек, бир вақтнинг ўзида 100 кишига хизмат қиладиган таҳоратхона ҳам бор бўлиб, замонавий иситиш ва совитиш тизимлари ўрнатилган.

Мажмуада каттагина кутубхона ҳам жойлашган бўлиб, кейинчалик электрон кутубхона тизимини ҳам йўлга қўйилиши кутилмоқда. Яъни масжидга кирган намозхон ибодат вақтига қадар диний китобларни электрон мутолаа қилиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, бу ерда анжуманлар зали ва узоқ жойдан келган меҳмонлар учун ҳам алоҳида шароитлар қилинган. Намозхонлар учун 700 ўринли автотураргоҳ, 100 кишига хизмат қиладиган таҳоратхона барпо этилган.

Туркиялик тажрибали архитекторлар томонидан яратилган лойиҳа асосида бунёд этилган.

Ушбу жоме масжид 2021 йил 18 март куни Наманган вилояти Адлия бошқармаси томонидан «Юсуфхон ўғли Қосимхон» жоме масжидини давлат рўйхатидан ўтказилган эди. 19 март куни эса жоменинг очилиш маросими ўтказилиб, масжид ходимларига гувоҳнома топширилганди. Ушбу янги масжид ишга тушиши билан Наманган шаҳридаги масжидлар сони 38 тага, вилоятда эса 189 тага етди.

Кўркам масжид қурилиши 2017 йилда бошланиб 2021 йилда якунланган. 45 метрли икки минораси, баландлиги 36 метр, айланаси 24 метр бўлган катта гумбаз ва икки ёндаги кичик гумбазлар масжидга ўзгача чирой бериб турибди.

Ушбу жомега Наманган шаҳар бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов имом-хатиблик қилади. Масжид мажумуасида Наманган шаҳар вакиллиги ҳам фаолият юритади. Бундан ташқари, масжидда имом-хатиб, ноиблар маъмурият хоналари, қоровулхона, техник ходимлар хонаси ўрин олган.

Тарихий маълумотларга кўра, ушбу жойда 10 асрларда Буюк ипак йўлида катта карвонсарой бўлган. Унинг ичида масжид ҳам бўлгани қайд этилган. Ҳозирда масжид Наманган шаҳридаги Давлатобод туманидаги "Юқори Ғирвон", "Фурқат" ва бошқа маҳаллаларидаги аҳолига хизмат қилади.

Муфтий ҳазратнинг Наманган вилоятига сафарларини сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боришингиз мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

1568 марта ўқилди

Янгиликлар

Top