Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон элчиси: Туризм – иқтисодиётимизнинг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири

Бельгиянинг «Travel Tomorrow» ахборот порталида Ўзбекистоннинг Бенилюкс давлатларидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дилёр Ҳакимовнинг «Нега Самарқанд ЮНВТО 25-Бош Ассамблеясига мезбонлик қилишга муносиб» сарлавҳали мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мақолада замонавий туризм Маккаси бўлган Самарқанд 2023 йилда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеясининг 25-сессиясига мезбонлик қилиши маълум қилинган.

«Самарқандда сайёҳлар нафақат ҳордиқ чиқариши, табиатдан баҳра олиши, меъморий ёдгорликлар, урф-одатлар ва маданият анъаналари билан танишиши, балки хилма-хил миллий таомларнинг жилоси ва таъмини ҳис этиши мумкин, - дея қайд этади элчи. – Шаҳарнинг тарихий меъморий ёдгорликлари бугунгача сақланиб қолган ва улар Марказий Осиё минтақасининг асосий сайёҳлик масканлари ҳисобланади”.

Таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистонда туризм соҳаси миллий иқтисодиётнинг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири ҳисобланади. Самарқанд халқаро аэропортини тўлиқ замонавийлаштириш, янги йўловчи терминали, учиш-қўниш йўлаги ва бошқа объектларни қуриш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

“Самарқандда энг йирик сайёҳлик форумининг ўтказилиши миллий туризм соҳасини янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, сайёҳлик хизматлари экспортини ошириш, шунингдек, мамлакатнинг глобал сайёҳлик йўналиши ва минтақадаги туризм соҳасининг етакчи иштиркочиси сифатидаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонамиз”, - дея ўз сўзига якун ясаган Ўзбекистон элчиси.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1132 марта ўқилди

Янгиликлар

Top