Ўзбекистон янгиликлари

“Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс сари” китобининг араб ва инглиз тилларидаги таржимаси тақдим этилди

Ўзбекистоннинг Қоҳира шаҳридаги элчихонаси томонидан Миср Ёзувчилари уюшмаси аъзоси, ливанлик ижодкор Тағрид Фаёд ва дипломатия ваколатхонага бириктирилган Қашқадарё вилояти фаоллари билан ҳамкорликда мамлакатимиздан ташриф буюрган ёш ёзувчи ва шоирлар учун бадиий кеча ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Тағрид Фаёд ва “Inside Kashkadarya” журнали муҳаррири Асрор Аллаёров шериклигида ўзбек ижодкорларининг араб ва инглиз тилларига ўгирилган шеърларидан иборат “Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс сари” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Элчихона вакиллари томонидан мустақиллик йилларида, хусусан, сўнгги 5 йил давомида юртимизда турли соҳаларда эришилган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг очиқ ва дўстона ташқи сиёсати, Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани, иқтисодий-ижтимоий соҳаларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган қатор йирик қўшма лойиҳалар тўғрисида маълумот етказилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишга катта эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Мисрлик ижодкорлар Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси, мамлакатимиз заминидан етишиб чиққан буюк алломалар, жумладан, Қоҳирада Нил дарёси сув ҳажмини аниқлайдиган махсус ўлчагични яратган Аҳмад Фарғоний хизматлари юксак эъзозланиши ва чуқур ҳурмат билан тилга олинишини алоҳида мамнуният билан кўрсатиб ўтди.

Тағрид Фаёд ушбу тадбир шукуҳи ва мазмунига кўра аввалгиларидан тубдан фарқ қилганини таъкидлаб, бундан кейин ҳам биргаликда ўзбек адиблари асарларини араб тилига таржима қилиш ҳамда адабиёт орқали араб ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш йўлида фаол саъй-ҳаракат қилишга тайёрлигини билдирди.

Анжуманда ўзбекистонлик адабиёт соҳаси вакиллари ўртасида баҳру-байт мусобақаси ҳам ташкил этилди.
Шунингдек, бадиий кеча давомида ўзбек халқ мусиқаси ва рақслари ижро этилди, миллий тансиқ таомлар тақдим этилди.

Тағрид Фаёд Миср Ёзувчилари уюшмаси аъзоси, таржимон:

- Ушбу адабий-маърифий кечада берилган маълумотлар мени жаҳон адабиёти намуналари орасидан ҳақли равишда муносиб ўрин олган ўзбек мумтоз адабиёти дурдоналарини араб тилига таржима қилишга ундамоқда. Айни пайтда “Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс сари” китобига киритилган асарларни араб тилига таржима қилиш жараёнида халқингизнинг бетакрор маданияти, маърифати ва меҳмондўстлигини ич-ичимдан ҳис қилганлигимни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Шунингдек, ушбу шеърлар орқали Қашқадарё, Хоразм, Андижон каби ҳудудларнинг ўзига хос табиати, гўзал манзаралари бутун вужудимни ўзига чорлади.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан биргаликда ўзбек мумтоз адабиёти дурдоналарини араб тилига таржима қилишга тайёрлигимни билдирмоқчиман. Зеро ушбу ҳамкорлик орқали халқларимиз бир-бирларини яқинроқ ўрганади, мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ришталари эса янада мустаҳкамланади.

Маҳрус Амир, “Kеnooz Arabia” газетаси бош муҳаррири, ёзувчи:

– Ўзбекистондан Мисрга келган ижодкорлар делегацияси аъзолари ўзбек халқи маданияти ва бой илмий-маърифий мероси ҳақида маълумотлар тақдим этди. Мен ўзбек адабиёти нақадар юқори чўққиларга эришганини ҳис қилдим.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон бой ва қадимий тарихга эга буюк давлатдир. Ўзбекистон араб мамлакатларидан географик жиҳатдан олисда жойлашган бўлсада, бугунги тадбир сингари турли маърифий-бадиий анжуманлар мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган бадиий китоблар таржимасини амалга ошириш тажрибасини бундан кейин ҳам давом эттиришга тайёрмиз. Шубҳасиз, таржима йўналишидаги ҳамкорлик маданий-гуманитар соҳалардаги мавжуд алоқалар кўламини янада кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1137 марта ўқилди

Янгиликлар

Top