Ўзбекистон янгиликлари

Етимга меҳрибонлик қилиш қалбдаги қаттиқликни кетказади

“Меҳрнинг тафтини туйганмисиз”, “Бирор марта меҳрдан тўйганмисиз?”

Табиийки, кўпчилигимиз бу саволларни ўқиб ҳайрон бўламиз. Чунки ҳаммамиз ота-онамиз, яқинларимиз меҳрига тўйиб, жаннатмонанд Ватанимиз тафтини туйиб яшаяпмиз. Яъни бизларга меҳр бегона эмас. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин.

Динимизда етимларга ёрдам бериш қадрлаган шарафли ва ниҳоятда савоби улуғ амаллардан. Уларга таом бериш, кийим-кечак улашиш, таълим ва тарбия бериш энг хайрли ишдир.

Ҳар бир инсон ҳурмат-эҳтиромга лойиқ. Меҳр-мурувватга ташна, моддий-маънавий кўмакка муҳтож, ота-онасидан айрилган етимларга икки карра кўпроқ меҳр улашиш динимизнинг асосий кўрсатмаларидан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:“Мусулмонларнинг уйи ичида энг яхшиси етимга яхши муносабатда бўлинган уйдир. Мусулмонларнинг уйи ичида энг ёмони етимга ёмон муносабатда бўлинган уйдир”, дедилар(Имом Ибн Можа ривояти)

Бежиз Саҳл розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ва етимни кафиллигига олган киши жаннатда мана шундай бўлади”, дедилар ва кўрсаткич ҳамда ўрта бармоқларига ишора қилиб, бу бармоқлари орасини бир-бирига яқин тутдилар”, демаганлар(Имом Бухорий ривояти).

Шу ўринда айтиш жоиз, Самарқанд тумани “Хўжа Аҳрори Вали” жоме масжиди имом-хатиби Ёқубжон домла Мансуров бошчилигида бир гуруҳ саҳоватпеша инсонлар “Самарқанд Мурувват” номли жамоага бирлашди. Бундан мақсад эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар, етим болалар ва ногиронларга моддий ёрдам кўрсатиш, сахий инсонларни ушбу хайрли ишга даъват этишдир.

Ҳозирги кунга қадар жамоа минглаб оилалар камчиликларини бартараф этиб келмоқда.

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги билан вилоят ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда Самарқанд туманидаги Пулмуғоб маҳалласида 12 нафар етим болаларга янги қурилган уй ўз эгаларига топширилди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло етимни кафилликка олишни яхшиликлар қаторида санаб бундай деган: “Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга... яхшилик қилинглар” (Нисо сураси, 36-оят).

Етимнинг бошини силаш, унга меҳрибонлик қилиш қалбдаги қаттиқликни кетказади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга қалби қаттиқлигидан шикоят қилди. Шунда у зот: “Агар қалбинг юмшашини хоҳласанг, мискинга таом бер ва етимнинг бошини сила!”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти.

Азиз юртдошлар, ниятимиз сахий инсонларнинг хайрли ишларини ўрнак сифатида кўрсатишдир. Асло уларнинг савобли амалларини кўз-кўз қилиб, риёга йўйиш эмас.

Аллоҳ таоло барчамизни эҳсон қилувчи, сахий ва кўпчиликка ёрдами тегадиган кишилардан бўлишимизни насиб этсин!

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

 

1197 марта ўқилди

Янгиликлар

Top