Ўзбекистон янгиликлари

Талабалар ва иш берувчилар учрашуви ўтказилди

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ёшлар – Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси” шиори остида 60 дан зиёд иш берувчи ташкилот вакиллари ва талабалар учрашуви ўтказилди. Унда академиянинг бакалавриат ва магистратура йўналишларида 2021-2022-ўқув йили битирувчи талабалари иштирок этди. Бу ҳақда Академия матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директор ўринбосари Фирдавс Халимов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Aкадемияси Aбу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директор ўринбосари Сурайё Каримова, Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик Республика ташхис маркази директори Лилия Гайнутдинова сўзга чиқиб, иш берувчи ташкилотлар ҳамда олий таълим муассасалари ўртасида узвий ҳамкорлик жамият тараққиёти учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлишини таъкидлашди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон халқаро ислом академиясини 2021-2022-ўқув йилида 341 нафар талаба бакалаврни, 91 нафар йигит-қиз эса магистратура босқичини тамомлайди.

Битирувчиларни муносиб иш ўрни билан таъминлаш мақсадида бугунги кунда 100 дан ортиқ иш берувчи корхона, ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Жумладан, талабалар республикамиздаги барча таълим муассасалари, ташкилот ва идораларда амалиёт олиб боряпти.

Тадбирда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ иш берувчи ташкилотлар вакилларига, хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномовга Aкадемия ректори Музаффар Комилов ташаккурнома ва эсдалик совға топширди.

Шундан сўнг ишга танлов юзасидан иш берувчиларнинг битирувчилар билан суҳбат жараёнлари ташкил этилди. Шу куннинг ўзида 100 дан зиёд талабалар билан меҳнат шартномалари тузилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1084 марта ўқилди

Янгиликлар

Top