Ўзбекистон янгиликлари

Йил сарҳисоби: 25 та янги масжид, 21 тага етган Қуръон курслари, 2 нафар фан доктори ва 15 млрд. сўмлик хайриялар ...

Шу йил 30 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида 2021 йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ишлар ва эришилган натижаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар ила бошланди.

Муфтий ҳазратлари Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва масжид-мадрасаларни обод этиш йўлида қилинган ишлар ҳақида сўз қилдилар. Шунингдек, Давлатимиз раҳбари томонларидан диний-маърифий соҳани ривожлантиришга берилаётган диққат-эътиборни мамнуният ила қайд этдилар.

Нутқда таъкидланган асосий ишларга тўхталадиган бўлсак, ўтаётган йилда 25 та янги масжид очилди. 96 та жоме янгидан қурилди, 123 таси капитал таъмирланди. Айни кунларда 250 та масжидда қайта қуриш ишлари давом этмоқда. 2022 йилда 160 та масжидни янгидан қуриш ишлари бошланади.

Халқаро ислом академиясида 820 нафар имом-хатиб, 810 нафар имом ноиби билим ва кўникмаларини оширди. Ҳудудларда имом-хатибларнинг қироат, ақида, фиқҳ бўйича илмларини сайқаллаш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. 200 нафар муаззиннинг азон айтиш маҳорати оширилди.

Барча ҳудудлар, айниқса, олис ва чекка туманларда уламоларимиз аҳоли билан суҳбатлар ташкил қилдилар. Бундай ишлар ҳудудлар миқёсида давом этмоқда. Имом-хатиблар ҳомийларни жалб қилган ҳолда ёрдамга муҳтож кишиларга жами 15 млрд. сўмлик моддий ёрдамлар уюштирдилар. Диний соҳа ходимларини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам салмоқли ишлар қилинди.

Олий ва ўрта махсус мадрасаларга қабул квоталари ўтган йилларга нисбатан кўтарилди. Диний таълим бериш сифатини тубдан яхшилаш бўйича фан дастурлари қайта ишлаб чиқилди. Икки нафар уламо Азизхўжа Иноятов ва Соатмурод Примов Фалсафа фанлари доктори (PhD) илмий унвонини олди, яна бир қатор соҳа ходимлари илмий ишларни давом эттирмоқда.

Ташкил этилган “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курслари сони 21 тага етди. Шу кунга қадар 22 мингдан зиёд кишига қироат бўйича бошланғич илмлар берилди. Айни кунларда ушбу ўқув курсларда 2,5 минг киши таҳсил олмоқда.
Фатво ишларини кенгайтириш учун малакали мутахассислар ишга олинди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Натижада, жорий йил давомида Колл-марказ орқали 200 мингга яқин саволларга жавоб берилди.

“Ҳидоят сари” кўрсатуви негизида “Муфтий минбари” рукни ташкил этилди. “Маданият ва маърифат” телеканалида “Маърифий суҳбатлар” номли янги туркум кўрсатув тасвирга олинди. Шунингдек, “O‘zbekiston” ва ҳудудий телеканалларда “Зикр аҳлидан сўранг” номли кўрсатув эфирга узатила бошланди. Имом-домлаларга тегишли бўлган 50 дан зиёд сайт ва 300 дан ортиқ ижтимоий тармоқларда маърифат улашиш ишлари изчил давом этмоқда.

Умра сафарини ташкил этиш бўйича қилинган саъй-ҳаракатлар ҳам ўзининг натижасини бермоқда. Аллоҳ насиб этса, тез орада мавжуд эҳтиёт чоралари кўрилиб, муборак сафар бошланади.

Муфтий ҳазратлари барча соҳа ходимларини ислом уммати ва ўлкамиз фаровонлиги йўлида елками-елка меҳнат қилишга даъват этдилар. Диний соҳа ходимлари аввало, Ҳақ таоло ва динимиз олдидаги масъулиятни ихлос ила адо этиш, халқимиз томонидан билдирилган ишончни оқлаш даркорлиги, бунинг учун эса тинимсиз меҳнат қилиш зарурлигини алоҳида қайд этдилар.

Мулоқотда сўзга чиққанлар томонидан бугунги ҳаёт талаблари қатъийлашиб бораётгани, замонавий таҳдидлар ва хуружларга соҳа ходимлари биринчи навбатда қарши туришлари таъкидланди. Ўз навбатида, ҳар бир диний соҳа ходими ўзи масъул бўлган ишга виждонан ёндошиши билан бир қаторда зиммасига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариш кабилар таъкидланди.

Жорий йилда ютуқ ва муваффақиятларга эришишда салмоқли хизмат кўрсатган, фаол ва фидойи бир гуруҳ ходимларга Мақтов ёрлиғи ва мукофотлар топширилди.

Йиғилиш якунида Диний идора тизимида кўп йиллар меҳнат қилган мўътабар уламолар, таниқли устозлар, хусусан, раҳматли Усмонхон домла Темирхон ўғлининг дин йўлидаги хизматлари ёдга олиниб, уларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлашини Аллоҳ таолодан сўраб, дуои хайрлар қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2237 марта ўқилди

Янгиликлар

Top