Ўзбекистон янгиликлари

Ватан ҳимоясига барчамиз масъул!

Инсон учун киндик қони тўкилган ер қадрли бўлади, қаерда бўлмасин унга талпинаверади. Ватанни севиш, уни ардоқлаш инсон табиатидаги нозик, теран туйғу. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилаётиб, туғилиб ўсган Ватани – Макка шаҳрига юзланиб: “Қандай яхши юртсан! Мен учун нақадар севимлисан! Агар қавмим мени сендан чиқармагинда, сендан бошқа юртда яшамас эдим”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Ҳаётимизга маъно ва мазмун олиб кирувчи тинчлик-ҳотиржамлик каби илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир. Буни, айниқса, юрт ҳимоячиси деган шарафли ва масъулиятли касбни танлаган ҳарбийларимиз янада теранроқ англайди.

1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида муҳим воқеа юз берди. Республикамиз Қуролли Кучлари ташкил топди. Бугун ушбу тарихий воқеага 30 йил тўлди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни”, деб эълон қилинди. Жорий йил ана шу шонли сананинг 29 йиллигини нишонлаяпмиз.

Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

Ушбу қутлуғ сана билан юрагида Ватан ва халқ севгиси маҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар, юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган ака-укаларимиз қатори юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида турли соҳаларда хизмат қилаётган барча ватандошларимизни муборакбод этамиз.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ
тайёрлади.

1548 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top