Ўзбекистон янгиликлари

Биринчи Президентимиз хотирланди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 30 январь куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Ўз аждодлари, фидойиларини эъзозлаган халқ ҳамиша ҳурматга сазовор. Афсуски, тарихимизда миллат етакчиларининг тириклигида улуғланиб, дунёдан ўтганидан сўнг қораланган ҳолатлари ҳам бўлган. Бу кўп жиҳатдан кейинги авлодларнинг виждони ва мардлигига боғлиқ.

Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлган биринчи кундан Ислом Каримовнинг эзгу ишлари давом эттирилишини айтган эди, унинг хотирасини абадийлаштириш бўйича қарорлар қабул қилди, мақбараси барпо этилди. Биринчи Президентимиз таваллуд топган 30 январь кунини нишонлаш анъанага айланди. 

«Биринчи Президентимиз Ислом Каримовни қанча эъзозласак, халқимизга, ёшларимизга маънавият етказган бўламиз», деган эди Шавкат Мирзиёев. 

Бугунги тадбир ҳам шунинг бир ифодаси бўлди. Қуръон оятлари ўқилиб, дуо қилинди. Ислом Каримовнинг халқимиз манфаати йўлида қилган ишлари, мардлик, одиллик, камтаринлик ҳислатлари ёдга олинди.

Маросимда Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси ва ҳукумат вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, зиёлилар, шаҳар жамоатчилиги иштирок этди.

Ислом Каримовнинг Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйилди.

 

манба: http://uza.uz/posts/341872

1787 марта ўқилди

Янгиликлар

Top